Линклар

Шаҳар мўйловдори дарахтларга қирон келтирмоқда


Хоразмда ўтган асрнинг 80-йилларида жуда кўпайган шаҳар мўйловдори ҳашароти воҳадаги дарахтлар ва боғларга қирон келтирмоқда. Ҳатто айрим дарахт турларининг йўқолиши хавфи пайдо бўлди.

Асрлар давомида воҳа яшиллигини таъминлаб келган тол, терак, гужум, жийда, туронги каби дарахтлар ҳунармандлар ва қурувчилар учун зўр хомашё ҳисобланади. Бу дарахтлар Хоразмнинг шўр ва жазирамасига жуда яхши мослашган.

Аммо шаҳар мўйловдори кенг тарқалаётгани оқибатида бу дарахт турларнинг айримлари йўқолиш даражасига келиб қолди.

“Бу ҳашаротлар юртга офат бўлди. Соя бериб турган гужумларни еб бўлиб, теракларга ўтди. Теракдан эса тол ейишга ўтди булар. Ҳозир гужум қолгани йўқ”, - дейди янгибозорликлардан бири.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси раиси Мақсудбек Худойбергановнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Хоразмда дарахт кўчатлари экиш кўпайган бўлса-да, дарахтлар сони камайиб боряпти. Чунки янги экилган кўчатлар шаҳар мўйловдори ҳужумига учраб, 4-5 йилда нобуд бўлмоқда.

“Бу ҳашаротнинг 2000 га яқин тури бор. Лекин бизнинг ҳудудга тарқалгани дарахтларга ашаддий қирон келтирадиган туридир. Шаҳар мўйловдори ўтган асрнинг 50-60 йилларида кириб келган ва 80-йиллардан жуда кенг тарқала бошлаган”, - деди М.Худойберганов.

Бу ҳашарот нафақат манзарали, балки мевали дарахтлар учун ҳам жуда хавфлидир. Жийда, олма дарахтлари шаҳар мўйловдорининг ҳужумидан қуриб бормоқда.

Мазкур заруркунанда умрининг асосий қисмини дарахт танасида ўтказгани сабабли унга қарши кураш анча мураккаб кечади.

Вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази бўлим бошлиғи Шихназар Қурёзов мамлакатда шаҳар мўйловдорига қарши биологик кураш усуллари ишлаб чиқилмаганини билдирди.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳашарот апрель охири ва май ойи бошида ташқарига учиб чиқади ва ўша пайтда унга қарши кимёвий усуллар билан курашиш мумкин.

Шунингдек, мутахассислар шаҳар мўйловдорига қарши курашда механик усул энг самарали эканини эътироф этмоқда.

Сўнгги йилларда Хоразм турли хилдаги зараркунандалар ҳужумига тобора кўпроқ дучор бўляпти. Тарихий обидалар термитлардан зарар кўраётган бўлса, полиз экинлари пишиши билан уларга қовун пашшаси қирон келтиряпти.

Ғалла экинлари ҳам аллақандай ҳашаротлар ҳужумига дучор бўлаётгани аниқланмоқда.
XS
SM
MD
LG