Линклар

logo-print

Доктор Назаралиев собиқ президент Ақаевдан 50 млн $ ундириб олмоқчи

  • Сарвар Усмон

Қирғизистонда сайловорти можаролари секин-аста сайловолди можароларига эврилишни бошлади.

Парламент сайловидан кейин ҳокимияти ўзгариб кетган мамлакат халқи энди ўзига янги президент сайлаб олмоқчи.

Сайлов ўтадиган кунгача яна салкам 60 кун – қарийб 2 ой вақт бор. Президентликка "от соладиганлар" рўйхати эълон қилинишига ҳам, демакки, сайловолди ташвиқоти расман бошланишига ҳам яна бир неча ҳафта бор. Бироқ ташвиқот ҳозирданоқ бошланиб кетди, деса бўлаверади.

Президентликка даъвогарларнинг баъзилари сайловчи эътиборини ўзига жалб қилиш учун шов-шувга сабаб бўладиган чиқишлар қилаяпти, можаро чиқаришга уринаяпти.

Медицина фанлари доктори, таниқли нарколог, Қирғизистон президентлигига сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этажагини эълон қилган Женишбек Назаралиев 12 май куни яна журналистлар тилига тушди.

Шу куни у собиқ президент Ақаевни судга беражагини, ундан 50 миллион доллар ундириб берилишини талаб қилажагини эълон қилди.

Хўш, нима ёмонлик қилди Ақаев докторга?

Бироз сабр қилсангиз, айтиб берамиз. Ҳозир эса, бир ҳафта ортга, 6 майга қайтайлик. Ўша куни доктор Назаралиев Озодлик мухбири билан суҳбатда Қирғизистоннинг ҳозирги раҳбарини, муваққат президент Қурманбек Бакиевни судга беражагини айтган эди. Ундан ҳам 50 миллион доллар ундирмоқчи эканлигини билдирувди.

Назаралиевнинг айтишича, Қурманбек Бакиев:

“Назаралиев жанггари, у менинг инқилобимга шерик бўлиб, довруқ қозонмоқчи бўлаяпти", - деган.

”Бироқ, - дейди Назаралиев, - муваққат президентни судга беришга қарор қилишимга Бакиевнинг "Вечерний Бишкек" газетасига берган интервьюсида айтган гаплари сабаб бўлди”.

Газетага кўра, Бакиев ўшанда мана бундай деган:

”Қандайдир учинчи куч ҳокимиятга интилаяпти, улар жиноятчилар вакиллари, наркобаронлардир”.

Женишбек Назаралиевнинг жаҳлини чиқарган гап мана шу.

“Гaзетагами, телевидениегами чиқиб, аниқ айтсин. Ўша наркобарон ким эканлигини аниқ айтсин. Менми ёки президентлик лавозими учун курашаман деяётган бошқа кишими? Қўли билан кўрсатсин ўша учинчи кучни”, - деган эди Назаралиев.

Доктор бу гапни айтганидан бир ҳафта ўтиб-ўтмаёқ, собиқ президент Ақаев "Аргументы а факты" газетига берган интервьюсида:

"24 март ва ундан кейин амалга оширилган талончилик ва ўғирликларни уюштирганлар орасида ўғрибошилар ҳамда қирғиз наркобаронлари бор эди. Улардан баъзилари, масалан, расман врач-нарколог бўлиб ишлаётганлар тўнтаришни уюштиришда асосий ролни ўйнаганман, деб очиқдан-очиқ мақтанаяпти", - деди.

Бир ҳафта олдин доктор Назаралиев президент Бакиев наркобарон ким эканлигини очиқ айтсин, деб талаб қилаётган эди. Бироқ бу ишни собиқ президент қилди. Интервью давомида у ҳатто Назаралиев деган фамилияни очиқ тилга олган.

12 май куни журналистлар олдида чиқиш қилган президентликка бўлажак номзод Назаралиев Ақаевнинг айтганларини назарда тутиб, бу гаплар менинг шаънимга нисбатан атайлаб қилинган туҳматдир, деди.

Бу гапи учун доктор Назаралиев Ақаевни судга бериб, бояроқ айтганимиздай, кўрган маънавий зарарини қоплаш учун ундан 50 миллион доллар ундирмоқчи.

Умуман, Қирғизистонда сайловолди ташвиқот мавсуми бошланмаёқ сиёсий ҳаво ҳарорати қизиб бормоқда.

11 май куни "Ор-номус" партиясининг қурултойи бўлиб, унда мамлакат президентлигига Феликс Қуловнинг номзоди кўрсатилди.

Қурултой минбаридан туриб Қулов жорий ҳокимият томорқасига билвосита тош ёғдирар экан, жумладан:

"Тартиб ўрнатиш пайти келди. Халқ шуни хоҳлаяпти. Халқ хавф-хатарсиз яшамоқчи. Биз эса, партия сифатида мамлакатимиздаги нотўғри ишларни халққа тушунтиришимиз лозим", - деди.
XS
SM
MD
LG