Линклар

logo-print

Андижонда юз берган тартибсизликлар оқибатида тўққиз одам нобуд бўлди.

  • Озодлик

Бу ҳақда “УзА” ахборот агентлиги хабар берди. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва норозилик намойишчилари вакиллари ўртасида музокаралар давом этмоқда. “Акрамийлик” диний гуруҳига аъзоликда айбланиб тўрт йил қамоқ жазосини ўтаган намойиш қатнашчиси Шарипжон Шокировнинг Андижондан телефон орқали Озодлик радиосига айтишича, ҳукумат номидан сўзлашувни Ички ишлар вазири Зокир Алматов олиб бормоқда.

“Олиб боришяпти. Ҳа, расмий вакил олиб боряпти. Алматов гапиряпти. Жаноб президентимиз номидан гаплашаётган экан. Биз томондан Парпиев Қобилжон гаплашаяпти” - деди Шокиров.
Гувоҳларга кўра, Андижонда бир неча уй ва машина намойишчилар томонидан ёқиб юборилган. Маълумотларга кўра, Андижон вилоят ҳокимлиги биноси ҳамда Навоий кўчасида минглаб одам тўпланган.
Норозилик намойишчилари акрамийликда айбланиб судланаётганлар устидан адолатли ҳукм чиқарилиши, яъни уларнинг озодликка чиқарилиши, шунингдек, бегуноҳ қамалган мусулмонлар ва сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқда. Баъзилар президент Ислом Каримовнинг истеъфо беришини талаб қилди. Айни пайтда, ҳукумат шаҳарда хавфсизлик чораларини кучайтирди.
Сўзлашув бошланишидан олдин норозилик намойиши қатнашчилари бир неча милиция ходимини гаровга олган ва бўҳронни ҳал этишда Россиянинг воситачи бўлишини талаб қилган.
“УзА” хабарига кўра, тартибсизликлар жумага ўтар кечаси бир қанча қуролланган жиноятчилар Андижондаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштириши билан бошланган. Ўнлаб ўқотар қуролларга эга бўлган бу шахслар жазони ўташ меҳнат колониясига ҳужум қилганидан. Қамоқхона нозирлари билан ҳужумчилар ўртасида отишма юз берган. Шунда сўнг ҳужумчилар бир гуруҳ маҳбусни қамоқдан чиқариб юборган. “Время ру” интернет сайти маълумотига кўра, 10 нафарга яқин милиция ходими гаровга олган.
Бошқа ахборот воситалари хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижонга жўнаб кетган. Жума куни эрталаб ҳукумат шаҳар кўчаларига қўшимча кучлар жойлаштирган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Андижондаги вазият тўлиқ назорат остида эканини билдирди.
Бу 13 май Тошкент вақти билан соат 15:00га қадар олинган маълумотлар эди.
XS
SM
MD
LG