Линклар

Чориевлар устидан жиноят иши қўзғатилди


Тўлқин 3 май куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдидаги пикет чоғида калтакланган қашқадарёлик Чориевлар оиласининг 19 аъзоси 11 май куни Шаҳрисабздан Тошкентнинг Ҳамза тумани ички ишлар бошқармасига олиб келинди.

Ботир Чориевнинг сўзларига қараганда, йўлда уларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган. Ҳамза тумани ИИБда бошқарма ходимлари, маҳалла оқсоқоллари, аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Чориевларнинг ҳаракатлари қораланган. Уларга панд-насиҳатлар қилинган ва уйларига олиб бориб қўйилган.

Қашқадарёда қолган Ихтиёр Чориев Тошкентга пойтахтда доимий рўйхатда бўлган ва шу ерда яшайдиган акалари ҳамда уларнинг оила аъзолари олиб кетилганини маълум қилди.

И.Чориевнинг айтишича, 3 май куни пикет бостирилгач, улар Тошкентдан Қарши шаҳри ИИБга олиб келинган ва уч кун ушлаб турилгандан кейин уй қамоғида ўтириш шарти билан Шаҳрисабзга, ўз уйларига жўнатилган.

Маълум бўлишича, Чориевлар хонадонидан пикетда иштирок этганлардан уч киши – Ботир, Баҳром ва Бахтиёр Чориевлар устидан Чилонзор тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатган. Улар Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳукумат вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича айбланмоқда.

Б.Чориевнинг билдиришича, пикетчиларнинг кўпгина буюмлари тортиб олинган. Хусусан, 6 та мобил телефони, 2 та фотоаппарат, радиоприёмник, чодирлар, ҳужжатлар ва бошқа нарсалар олиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG