Линклар

Мўътабар Тожибоева уйидан чиқарилмаётир


Феруза 13 май куни Андижонда бўлаётган воқеалар муносабати билан фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кучли назоратга олинди.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига маълум қилган М.Тожибоеванинг сўзларига қараганда, у Андижоннинг Хўжаобод туманида бўлиб ўтаётган суд жараёнига отланган пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи Рустам Абдуллаев келиб, ҳеч қаерга чиқмасликни сўраган.

М.Тожибоева уйининг олдида фуқаро кийимидаги номаълум шахслар уни кўчага чиқармаслик учун турганини, фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам қаттиқ назоратга олинганини билдирди.

“Тушдан сўнг вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Ҳошимжон Азизов қўнғироқ қилиб, уларнинг топшириқларини бажармасам, менга қийин бўлиши ҳақида огоҳлантирди”, - деди М.Тожибоева.

М.Тожибоеванинг фикрича, Ҳ.Азизовнинг пўписаларида уни акрамийлик ва диний экстремизмга алоқадорликда айблашга ишора бор.

Андижондаги “Аппеляция” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ўзига нисбатан шубҳали ҳаракат сезмаётганини, бироқ бирор фитна уюштирилишидан гумонсираб, ўз хоҳиши билан кўчага чиқмаётганини маълум қилди.

Тошкентда фаолият кўрсатадиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам ҳозирча ўзлари устидан назорат ўргатилганини сезмагани, вазият анча тинч эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG