Линклар

Исроил элчихонаси олдида Ўзбекистон фуқароси ўлдирилди


Тўлқин 13 апрел куни эрталабки соат ўнлар атрофида Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси олдида элчихона хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистон фуқароси отиб ўлдирилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, элчихона соқчиси бинога яқинлашмоқчи бўлган икки кишидан бирини худкушликда гумон қилиб, отиб ташлаган.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига қараганда, номаълум икки киши элчихонасига яқинлашмоқчи бўлган. Бироқ милиционерлар уларни ичкарига қўймаган. Шундан сўнг бу ерга чиқиб келган элчихона ички хавфсизлик хизмати бошлиғи улар билан бир муддат гаплашгач, ёнидаги тўппончасидан ҳавога икки марта ўқ узган. Кейин эса номаълум кишилардан бирини отиб ташлаган. Иккинчиси эса қочиб кетган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқованинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, ўлдирилган шахс яшаш жойи аниқ бўлмаган, 1952 йилда туғилган рус миллатига мансуб Георгий Александровдир.

С.Ортиқова элчихонага келган иккинчи шахс ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, ўлдирилган шахс ёнида ҳеч қандай портловчи модда бўлмаган. Г.Александров бирмунча вақт муқаддам уйини сотиб, Россияга кўчиб кетишга ҳаракат қилган. Лекин нима сабабдандир кетмаган.

С.Ортиқова мазкур воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG