Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:57

Андижон исёни (14 май, Тошкент вақти билан соат 11.45)


“Озодлик” мухбири Садриддин воқеа жойидан хабар беради.

Ҳокимлик биноси олдида одамлар йиғилишда давом этмоқда. Шу билан бирга Бобур ҳайкали олдида тунги отишма вақтида ҳалок бўлган кишиларнинг жасадлари олиб келинмоқда.

Воқеа гувоҳларининг сўзларига қараганда, ўтган тунда намойишчилардан бир гуруҳи шаҳарнинг “Сой” деб аталадиган қисми томон юриш қилган. Бу ерда улар ҳукумат аскарлари пистирмасига дуч келган. Аскарлар намойишчиларга қарата турли хилдаги қуроллардан ўқ узган. Натижада жуда кўп киши ҳалок бўлган.

Гувоҳлар айни пайтда Сой ўликлар билан тўла эканини айтмоқда.

Кишилар қонга беланган чойшабларга ўралган ўликларни Бобур ҳайкали атрофида қўймоқда. Ўликлар орасида аёллар, болалар, ёш йигитлар бор.

Бу ерга келтирилаётган ўликлар орасида ҳарбийлар йўқ. Аммо ҳайкал олдига жасадлар тўхтовсиз келтириляпти.

Ўзбекистон телевидениеси орқали тарқатилаётган расмий хабарларда исёнчилар диний экстремистлар экани таъкидланяпти.

Аммо ҳокимлик биноси олдида тўпланган халқнинг орасида бирорта диний чақириқ эшитилгани йўқ.

Одамлар фақат ҳукумат қўшинлари томонидан оддий халқ ўққа тутилганидан ғазабланмоқда.

Шунингдек, баъзилар “акрамийлар” қўлига қурол олмаганида, қамоқхонадан маҳбусларни озодликда чиқармаганида бу каби кўп қон тўкилмаслиги мумкин, деган фикрларни ҳам билдиряпти. Улар бу ҳаракатлар ҳукумат учун қурол ишлатишга баҳона бўлганини таъкидлаяпти.

Айни пайтда тўпланган кишиларнинг барча ҳаракатлари стихияли кўринишда давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги биноси ҳозир ҳеч ким томонидан назорат қилинаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG