Линклар

logo-print

Андижондаги воқеаларга оид хабарлар қисқа сатрларда.

  • Озодлик

13 май куни тўқнашувлар юз берганига қарамай, шанба куни эрталаб юзлаб одам Андижоннинг марказий кўчасига йиғилди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижондаги қонли воқеалар учун “Хизбут Тахрир” диний ташкилотини айблади.

Хавфсизлик хизмати ходимлари буйруғи билан хорижлик журналистлар 14 май куни Андижонни тарк этди. Расмийлар буни хавфсизлик сабабларига кўра, дея изоҳлади.

14 май куни “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти баёнот эълон қилиб, унда зўравонликлар юз берган Андижондан халқаро журналистларнинг чиқариб юборилиши хусусида “жиддий ташвиш” билдирди.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот вакили Ноукен туманидаги Бараш қишлоғи яқинида тахминан 500 одам чегарани кесиб Қирғизистон ҳудудига ўтгани ва 600 кишилик бошқа бир гуруҳ Қирғизистоннинг Сизак тумани томон ҳаракатланаётганини билдирди.

14 май куни Қирғизистон парламенти раиси Ўмурбек Текебаев сиёсий қараши туфайли ўз ватанида таъқиб этилиши тахдидига учраган шахслар сиёсий бошпана сўраб Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилса, Қирғизистон ўзининг халқаро мажбуриятини мамлакат қонунлари асосида бажариши кераклигини айтди.

14 май куни Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида ўнлаб студент ва бошқа ёшлар Ўзбекистон ҳукуматидан ўз фуқароларининг демократик ҳуқуқларини таъминлашни талаб қилиб пикет ўтказди.

Шанба куни Ўзбекистон ҳарбий вертолёти Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг “Дўстлик” чегара маскани атрофи узра Қирғизистон ҳудудига қисқа муддат учиб ўтгани билдирилди.
XS
SM
MD
LG