Линклар

logo-print

13 май кунги тўқнашувларга қарамай, 14 май куни эрталаб юзлаб одам Андижоннинг марказий кўчасига йиғилди.

  • Озодлик

Улар орасида жума куни отиб ўлдирилган ўнлаб одамнинг қариндошлари ҳам бор эди. Норозилик намойишчилари хавфсизлик кучлари аёллар ва болаларни шафқатсиз ўққа тутганини кескин қораламоқда. Озодлик радиосининг Андижондаги мухбири шанба куни эрталаб кўрганлари ҳақида бундай деди:

“Андижон шаҳрининг марказий кўчасига кечаги отишмада ўлдирилган одамларнинг қариндошлари ва шаҳрининг жуда кўп одамлари чиққан. Ўзларининг кескин норозилигини билдиряпти. Улар айтишяптики, кеча оддий қуролсиз халққа қараб ўқ отилди. Болалар, аёллар ва ҳамма, ҳеч ким аяб ўтирилмади. Бу кечаси бўлган. Ҳозир “Бобур” хайкалининг тагига мурдаларни латталарга ўраб олиб келиб териб қўйишяпти”.

Бу Озодлик мухбири 14 май куни Андижондан эрталабки соат 10 - 11ларда берган маълумотлари эди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, Андижонда юз берган зўравонликларда 200га яқин одам нобуд бўлган.

Бироқ, 14 май куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижон фожиасида 30 одам жумладан ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳам нобуд бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда, шанба куни Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан телефон орқали суҳбатлашиб, Андижон воқеалари ҳақида гаплашди.

Хабарларга кўра, 14 май куни мингдан ортиқ норозилик намойишчилари Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида, яъни, Иличевск Андижон шаҳридан 30 километр шарқ томонда жойлашган Иличевск шаҳрига йиғилди. Озодлик радиосининг ўша ердаги мухбири хабарига кўра, норозилар Иличевск ҳокимини гаровга олган. Юзлаб одам шаҳар орқали Қирғизистонга ўтиш мақсадида чегара яқинига тўпланган.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот вакили Гулмира Бўрибоева бу ҳақда Озодлик радиосига бундай деди:

“Ноукен туманидаги Бараш қишлоғи яқинида тахминан 500 одам чегарани кесиб Қирғизистон ҳудудига ўтган. Лекин уларни қирғиз чегарачилари тўхтатди. Ҳозир биз уларни Ўзбекистон ҳудудига қайтариб юбориш масаласини кўряпмиз”, – деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот вакили.

Хабарларга кўра, 600га яқин бошқа бир гуруҳ Қирғизистоннинг Сизак тумани томон ҳаракатлармоқда.

14 май куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида Андижон фожиасига муносабат билдирган Қирғизистон президенти вазифасини бажараётган Қурманбек Бакиев:

“Бу воқеаларга Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Хизбут-Тахрир вакиллари сабабчи. Нима бўлмасин бу яхшиликка олиб келмайди. Менимча тинчлик бўлиши керак. Мамлакатни диний органлар бошқариши керак, деган қарашларга мен қўшилмайман”, - деди Қирғизистон раҳбари.

Айни пайтда, 14 май куни Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида ўнлаб студентлар ва бошқа ёшлар Ўзбекистон ҳукуматидан ўз фуқароларининг демократик ҳуқуқларини таъминлашни талаб қилиб пикет ўтказди:

“Муаммони хал этишнинг асосий йўли Ўзбекистондаги сиёсий тизимни демократиялаштириш” , – деди пикет қатнашчиларидан бири Дукенбаев.

Шунингдек, 14 май куни Ўзбекистон ҳарбий вертолёти Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг “Дўстлик” чегара маскани атрофи узра Қирғизистон ҳудудига қисқа муддат учиб ўтган.

14 май куни Андижондаги хорижлик журналистларнинг айтишича, хавфсизлик хизмати ходимлари уларга шаҳарни тарк этишни буюрган. “Франс пресс”, “Ройтер” ва бошқа ахборот агентликлари мухбирларига кўра, хавфсизлик ходимлари буни хавфсизлик сабабларига кўра, дея изоҳлаган.

14 май куни “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти баёнот эълон қилиб, унда зўравонликлар юз берган Андижондан халқаро журналистларнинг чиқариб юборилиши хусусида “жиддий ташвиш” билдирди.

“Ҳукумат журналистларни можаролар рўй бераётган зонага киритмаслиги, кўпинча у ерда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини яшириш учун қилинаётган бўлади. Биз бундан чуқур ташвиш билдирамиз ва президент Ислом Каримовни журналистлар Андижонда кечаётган воқеаларни ёритишига рухсат беришга чақирамиз”, – дейилади “Чегара билмас мухбирлар” чиқарган баёнотда.

Айни пайтда, “Хелсинки комиссияси” номи билан танилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси 13 май куни Андижондаги қонли воқеаларга муносабат билдириб баёнот чиқарди. Унда Ўзбекистон ҳукумати ва норозилик намойишчиларини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирилади.

“Ўзбекистон ҳукумати Андижонда юзага келган бўҳронни тинч йўл орқали хал этиши ҳамда бегоноҳ одамлар жабрланишига йўл қўймаслиги керак”, - деди комиссия аъзоси АҚШ конгрессининг республикачи сенатори Сэм Браунбэк.

Комиссия раҳбарлари Андижондаги жазона ўташ колониясига қуролли ҳужум уюштирилганини қоралади. Шу билан бирга комиссия баёнотида Ўзбекистонди сиёсий маҳбуслар борлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан маҳбусларнинг қийноқларга солиниши зўравонликларга йўл очиши мумкинлиги билдирилган.
XS
SM
MD
LG