Линклар

logo-print

Халқ Андижонда нима бўлаётганидан бехабар


Ҳакимбек “Озодлик” мухбири Тошкент кўчаларида оддий кишилар билан суҳбатлашиб, уларнинг Андижондаги воқеалардан қай даражада хабардорлиги билан қизиқди.

Суҳбатдошларнинг кўпчилиги Андижондаги нималар содир бўлаётгани ҳақида етарлича тасаввурга эга эмаслигини билдирди.

“Телевидение ҳеч нарса кўрсатмаётир. Россия телеканаллари эса узиб қўйиляпти”, - деди улар.

Айримлар эса мазкур воқеалар хусусида фақат расмийлар томонидан тарқатилган қисқагина маълумотга эга эканини тасдиқлади.

Суҳбатдошларнинг бир қисми Андижонда халқ исён қилаётгани, вилоят ҳокимлиги олдида 50 мингга яқин киши тўплангани тўғрисида Интернетдан маълумот олганини таъкидлади.

“Биз бу намойишни халқнинг ўз оғир аҳволидан норозилиги, деб тушуняпмиз”, - деди суҳбатдошлардан бири.

Суҳбатдош аёллардан бирининг фикрича, халқнинг намойишларга чиқиши тўғри. Чунки агар элнинг жонига тегмаганида бу каби воқеалар бўлмас эди.

“Ҳозир одамлар кун кўра олмай қолди. Шунинг учун бу чиқиш бир томондан тўғри”, - деди аёл.

Суҳбатдошларнинг айримлари эса Андижондаги воқеаларни қўллаб-қувватламаслигини айтди.

“Биз қон тўкилишини истамаймиз”, - дея изоҳлади улар ўз мулоҳазаларини.

Суҳбатдошларнинг кўпчилиги оддий халққа қарши қурол ишлатилишини маъқулламаслигини билдирди. Уларнинг фикрича, одамларнинг фикри билан ҳам ҳисоблашиш зарур.

Суҳбатдошлар аксарияти Андижондаги исён қатнашчилари қамоқхонадан жиноятчиларни озодликка чиқариб юборгани хато бўлганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG