Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Андижон воқеаларига баъзи муносабатлар


Дилнаво “Озодлик” мухбири ўзбекистонлик баъзи санъат ва адабиёт арбобларига мурожаат қилиб, Андижон шаҳрида бўлиб ўтган воқеаларга муносабат сўради.

Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова: Ўз халқига қарата ўқ узиш аҳмоқона иш. Келажакни ўйлайдиганлар бундай иш қилмайди. Болаларнинг кўз ёшини тўкканлар, хотинларни тул қолдирганларни ҳайвонлар, деб ўйлайман.

Таниқли санъаткор Обид Асомов: Андижонда аслида нималар бўлаётгани ҳақида фақат Россия телеканаллари, “Евроньюс” орқали маълумот олдик. Ўз уйингда бўлаётган воқеа ҳақида кўчадан хабар топиш жуда оғир. Менинг назаримда, нима бўлишидан қатъи назар тўғри маълумот берилиши керак. Ахборотни бунчалик беркитиш керак эмас. Андижонда одамлар ўлиб, қирғинбарот бўляпти, телевизорда концерт кўрсатиляпти. Бу аблаҳликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистонимизда мард, ҳақиқатни очиқ-ойдин ёритиб берадиган журналистларни топиш қийин бўлиб қолди. Ҳозир бўлиб ўтган воқеаларга аниқ баҳо бера олмайман. Чунки маълумот йўқ. Агар ўша ерда тўғри иш қилинганида нега халқдан беркитилди? Нега Андижонга мухбирлар киритилмади?

26 миллион аҳоли ҳеч нарсадан бехабар, хавотирда ўтирди. Нима бўлаётганини билмади. Телевидениени мен илгаридан ҳурмат қилмаганман. Энди ҳурматим умумун йўқолди. Оч юриш мумкиндир. Аммо ахборот очлигидан ёмони йўқ. Бу даҳшат.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло: Келишмовчилик, муросасизлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келган эмас. Андижондаги воқеалар, албатта, жуда катта кўнгилсизлик. Биз фақат Президентнинг гапларидан бошқа манбадан маълумот олганимиз йўқ. Россия телеканаллари ҳам ўчириб қўйиляпти. Ҳозир билмай туриб, бир гап айтиш қийин. Бироқ бир нарсани айтиш мумкин, сабабсиз ҳеч нарса бўлмайди. Одамларда норозилик бор. Қурбақани ҳам босса ваққиллайди.

Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов: Асл воқеаларни радио-телевизордан бермайди-ку. Мен бўлиб ўтган воқеалардан умуман бехабарман.

Таниқли актёр Мурод Ражабов: Жуда кўнгилсиз воқеа бўлди. Бунда бўлаётган қурбонлар ҳақида ўйланилмаяпти. Бу воқеалар халқ юрагига оғир ботди. Ҳамма муаммоларни ҳал қилиш мумкиндир. Аммо бу ишларнинг барчаси ўша ерда битта гўдак ўлганига арзимайди-ку!
XS
SM
MD
LG