Линклар

Тошкентликлар андижонликларга ҳамдардлик билдиряпти


Ҳакимбек Андижондаги 13 майдаги қонли намойишлардан икки кун ўтган бўлса-да, “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган тошкентликларнинг бир қисми мазкур воқеалар ҳақида ўзларининг эркин фикрини билдиришдан қаттиқ чўчиётгани маълум бўлди.

Баъзилар ҳатто ўзларини ҳеч нарса билмаётганга ҳам солди. “Биз сиёсатга қизиқмаймиз. Гапира олмаймиз, қўйинг шундай гапларни”, деди улар.

Кўча сўровида қатнашганларнинг аксарияти эса Ўзбекистон раҳбарининг мазкур воқеалар тўғрисидаги расмий баёнотига ишонмасдан иложи йўқлигини, чунки бошқа ахборот олиш имконияти бўлмаганини таъкидлади.

Улар муқобил ахборот йўқлиги сабабли расмий маълумотларга таяниб муносабат билдирди.

“Каримовнинг гапларини эшитдик, холос. Экстремистлар тўполон кўтарган экан. Жиноятчилар қамоқхонадан чиқариб юборилибди. Шаҳар қўлга олинибди. Бу, албатта, ёмон”, деди бир аёл.

Яна бир фуқаронинг айтишича, у халқнинг намойиш қилганини эшитган. Лекин аҳоли нима мақсадда шундай чиқиш қилгани тўғрисида маълумотга эга бўлмаган.

“Бўлаётган воқеаларни телевизорда кўрсатмаса, радиода эшиттирмаса, Россия каналларини узиб қўяётган бўлса, нима билиш мумкин”, деди бу фуқаро.

Унинг фикрича, ҳукумат бундай воқеаларни халқнинг қўзғалиб кетишидан қўрқиб кўрсаттирмайди. Аслида ҳам халқ орасида норозилик пишиб етилган.

“Ҳозир тиллаларимиз қаёққа кетаётганини сўраб кўрингчи, ким бу саволга жавоб беради. Бу ҳақда гапирган одам дарров йўқ қилинади. Бизнинг давлатимиз Саддам Ҳусайн давридаги Ироқдан баттар бўлиб кетди”, деди ўрта ёшлардаги бир киши.

Кўча сўровида қатнашган баъзи ёшлар Андижон воқеалари халқ ва ҳокимият ўртасидаги келишмовчилик натижаси эканини таъкидлади. Улар халқ томонида эканини билдирди.

Уларнинг айтишича, халқ ночор аҳволга тушиб қолгани, бошқа чораси қолмагани сабабли кўтарилган.

Фуқаролардан бири Андижон халқи норозилик намойишига чиқишда бироз шошганини таъкидлади. Унинг фикрича, халқ пухта ўйлаган ҳолда, бошқалар билан келишиб намойиш қилганида мақсадига эришиши мумкин эди.

Кўпгина тошкентликлар андижонликларга ҳамдардлик билдирар экан, уларга шундай оғир кунда сабр-бардош тилади.

“Худо хоҳласа, аҳвол ҳам яхшиланиб қолар. Лекин сабр ҳам борган сари тўлиб боряпти”, деди улар.
XS
SM
MD
LG