Линклар

Нигора Ҳидоятова Президентнинг истеъфосини талаб қилмайди


Феруза 15 май куни “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова Андижон воқеалари муносабати билан партия марказий кенгаши томонидан чиқарилган баёнотни эълон қилди.

“Андижон қўзғолони амалдаги тузумга қарши анчадан буён давом этаётган халқ норозилигининг давомидир. 29 март куни жиззахлик деҳқонлар, 3 май куни қашқадарёлик аёллар АҚШ элчихонаси олдида намойишлар ўтказди. Бу намойишлар Каримовнинг 15 йиллик сиёсати Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий инқирозга етаклагани, унинг гўзал ҳаёт ҳақидаги ёлғон ваъдалари халқнинг қонун ва ҳукуматга эҳтиромини йўқотганидан дарак беради. Шубҳа йўқки, Андижондаги воқеалар халқ иродасининг сўнгги кўриниши эмас. Бундан кейин Андижондагиданда оммавийроқ халқ чиқишлари давом этажак”, дейилади баёнотда.

Баёнотда таъкидланишича, Андижон воқеаларининг муҳим жиҳатларидан бири шуки, бу воқеалар Каримовни ҳеч қандай сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда ўзининг мутлақ ҳокимиятидан воз кечиш нияти йўқлигини тан олишга мажбур қилди. Андижон воқеаларининг қонли интиҳоси бу мамлакатда энди тинч йўл билан намойишлар ўтказиб бўлмаслигини, ҳар қандай маҳаллий норозилик кўринишлари шафқатсизларча бостирилишини кўрсатди. Каримов эса халқ билан мулоқотга тайёр эмас.

Баёнотда ёзилишича, Андижонда халқ иродаси қонли равишда шафқатсизларча бостирилаётган бир пайтда амалдаги тузум Ўзбекистоннинг бутун аҳолисини ахборот бўшлиғида ушлаб турди.

Н.Ҳидоятованинг фикрича, мухолифат бундай вазиятларда, биринчидан, ҳукуматнинг халққа қарши сиёсатини шафқатсиз фош этиши керак. Иккинчидан, мухолифдаги барча кучлар бирлашмоғи, учинчидан, бирлашган маҳаллий мухолифат орқали омма билан кучли ва мустаҳкам алоқа ўрнатиш зарур. Тўртинчидан, деҳқонларнинг эркин ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, улар орасида экстремизм ва радикализмга йўл қўймаслик, озодлик ҳаракатига алоқаси йўқ кишиларнинг вазиятдан фойдаланиш учун тартибсизлик уюштириши ва жисмоний ўч олишига йўл бермаслик керак.

Н.Ҳидоятова партия Олий Мажлисга янги сайлов ўтказиш, Сенатни қайта шакллантириш, халқ бирдамлиги ҳукуматини тузиш, қишлоқ хўжалигида, солиқ тизимида янги ислоҳотлар ўтказиш, эркин савдога тўла йўл очиш ва деҳқонларга режа белгилашни бекор қилишни талаб этаётганини билдирди.

“Биз мамлакат Президентининг истеъфосини талаб қилмаймиз, аксинча биз унинг ўз ўрнида қолиши ва ваколатлари чекланишини талаб қиламиз. Бу талабларнинг ишлаш механизми халқ билан Президент ўртасида бўлиши зарур мулоқотда қабул қилинади”, деди Н.Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG