Линклар

logo-print

Ўзбекистон қуролли кучлари ва халқ ўртасидаги жума кунги қонли тўқнашувдан кейин шаҳарда вазият кескин. Шаҳарни қуролланган патрул қўриқламоқда. Кеча Андижон шаҳрида Ўзбек аскарлари камида икки одамни отиб ўлдирган. "Озодлик" мухбирининг хабар беришича, ҳалок бўлганлардан бири 30 яшар йигит. У вилоят шошилинч тиббий ҳизмати рўпарасидаги кўчадан ўтмоқчи бўлганида Ўзбек аскарлари "ўтма" деб огоҳлантиришган ва кейин унга қарата ўт очишган. Андижонда ҳалок қилинган иккинчи одам эса 15 яшар қизча. У вилоят Ички ишлар бошқармаси олдидаги кўчани кесиб ўтаётганида отиб ўлдирилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов жума кунги Андижон шаҳридаги жума кунги Андижон воқеаларга алоқадорлиги гумон этилаётган 70 киши хибсга олинганини маълум қилди. Алматовга кўра, улар орасида милиция ва ҳарбий бўлинмаларга ҳужум ташкилотчилари ҳам бор. Эслатиб ўтамиз жума куни номаълум қуролли шахслар Андижондаги қамоқхонага ҳужум қилиб, юзлаб махбусларни озод этган ва кейинчалик ўша гуруҳ вилоят хокимияти биносини ҳам ишғол этган эди. Куннинг иккинчи ярмига келиб ишғол этилган Андижон хокимияти атрофига тўпланган минглаб норозилар Ўзбек аскарлари тарафидан ўққа тутилди. Ҳозирча қанча одам ҳалок бўлгани ҳақида аниқ маълумотни келтириш қийин. Айрим манбааларда қурбонлар сони 500дан кўп экани айтилади. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оламонга қарата ўт очишга буйруқ бермаганини иддао қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, жума куни Андижон вилоят хокимияти биноси ишғолида қатнашган ва ўша жойдан "Озодликка" интервью бериб турган ишғолчилардан бири Шарифжон Шокиров ҳалок бўлган. Бу ҳақда Андижонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Лутфулла Шамсуддинов радиомизга айтишича, у бу ҳақда Шарифжоннинг укасидан эшитган.

Андижондаги норозиларнинг кўпчилиги Қорасув шаҳри орқали Қирғизистоннинг Сўзоқ туманига қочиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Маълумотларга кўра, улар орасида ёш болалар ва аёллар ҳам бор. Отишмада жароҳат олганларга тиббий кўрсатилмоқда.

Шунингдек чегарада икки йил илгари Ўзбекистон томони бузиб ташлаган, Қирғизистоннинг Қорасуви билан улайдиган кўприк қайта тикланиб, ўтиш-қайтиш йўлга қўйилган. Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида икки кун олдин бир неча маъмурий биноларга ўт қўйилган ва шаҳар хокимият ишғол этилган, хоким эса гаровга олинган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу шаҳарда ўзбек аскарлари назоратни қайта ўз қўлларига олганлар. "Озодлик" мухбири Андрей Бабитский ҳозирда Қорасув шаҳрига етиб борган. Қорасувдаги вазият ҳақида мухбиримиз хабари.

"Мен ҳозир Қирғизистон чегарасидаги Қорасув шаҳридаман. Биз шаҳарни кесиб ўтдик. Шаҳарда саросима аломатлари сезилмайди. Икки кун аввал Андижондан қочган норозилар мана шу шаҳар орқали Қирғизистонга ўтишга уринган эдилар.Шаҳар маркази қуршаб олинган. Қўшинлар турибди. Ҳарбий техникани кўриш мумкин. Андижонда эса, инсон ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра қама-қамалар бошланган. Бир ярим минг хибсга олинган", - деб хабар берди "Озодлик" мухбири Андрей Бабитский.

БМТнинг қочқинлар бошқармаси ўз ходимларини Андижондан 80 километр олисдаги Қирғизистоннинг Сўзоқ туманига жўнатган. Халқаро Қизил хоч ташкилоти ҳам қочқинларга қўлдан келган ёрдамни аямаслигини айтди. Ташкилот вакили Елена Павлюк гапиради:

"Омборимизда чодирлар, кўрпа-тўшак, идиш-тавоқлар анчагина. Шуларни уларга етказишимиз мумкин", - деди Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Қирғизистондаги вакили Елена Павлюк.

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ҳам Андижондаги қонли воқеаларан сўнг Қирғизистонга ўтган ўзбек қочқинлари масаласида сўзлашувлар олиб борганлар. Қирғизистон чегара ҳизмати бошлиғи Миржахон Субоновнинг радиомизга айтишича, сўзлашувлар давомида қочқинларни Андижонга қайтариш масаласи мухокама этилган.
XS
SM
MD
LG