Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Андижон воқеалари “Анимакор” раҳбари кўзи билан


“Анимакор” врачлар ва беморлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти директори Гулбаҳор Тўраева “Озодлик” радиосига Андижонда ўз кўзи билан кўрган воқеалар тўғрисида гапириб берди:

“Суднинг (акрамийлар устидан ўтказилаётган) охирги куни мен ўша ерда эдим. 3800 киши йўл четида тўпланиб, ҳукмни кутиб турди. Суд ҳукмсиз тугади. Ҳукм ўқилмади. Эртаси куни вилоят ҳокимлиги олдида митинг бошланди.

Митингга мен ҳам бордим. Шаҳар прокурори Абдураҳимов сўзга чиққанида ўша ердагилар уни тошбўрон қилиб, тепкилашни бошлади. У бошидан катта жароҳат олди. Менимча, у ўша ерда ўлди ёки оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди.

Шошилинч тиббий ёрдам марказининг Андижон филиали ярадорлар билан лиқ тўла. Митинг бўлган куни ярадорлар сони 390 та, ўлганлар 49 та эди.

Кеча Андижон шаҳридаги 15 мактабга ўликлар тўпланилаётганини эшитиб бордим. Ўша ерда 500 дан ортиқ ўлик бор эди. Ўз кўзим билан кўрдим. Жасадлар, асосан, ёшларники эди. Мен болаларни кўрмадим. Эркаклар кўпроқ. Улар орасида ҳарбий кийимдагилар йўқ эди. Ўликларнинг барчаси тинч аҳоли.

Шошилинч тиббий ёрдам марказида ҳозир ярадорлар сони янада кўп. Қон масаласи қийин экан, қон сотилаётган экан. Шунинг учун кеча мен Тошкентдаги чет эл ваколатхоналарига телефон қилиб, гуманитар ёрдам сўрадим.

Кейин вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига телефон қилсак, улар ўзларида ҳамма нарса, жумладан, қон ҳам етарли эканини айтиб, ёрдамимизни рад этди. Лекин қон етмаяпти.

Менимча, Андижонга бошқа вилоятлардан тиббиёт ходимлари келаётгани нотўғри. Негаки, ҳозир шошилинч марказга ҳеч ким қўйилмаяпти. Марказ ходимларнинг ўзлари ёрдам кўрсатяпти. Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Валихон ҳам ходимлари билан ўша ерда.

15-мактабда йиғилган ўликлар қариндошларига қайтариб берилмаяпти. Одамлар жудаям сарсон бўляпти. Лекин бирорта ўликни қариндошлари кўчадан топаётган бўлса, олиб кетяпти. Моргдаги ўликлар ҳам эгаларига берилмаяпти.

Менимча, ҳукумат ўлганлар сонини кам кўрсатиш учун шундай қиляпти.

Кеча аэропорт маҳаллий ҳокимият вакиллари билан тўла эди. Прокуратура, милиция, МХХ ходимлари, менимча, Тошкентга кетиш учун оила аъзолари билан бу ерга чиққан”.
XS
SM
MD
LG