Линклар

Халқаро ва маҳаллий ОАВ ўртасидаги фарқлар


Феруза Андижон воқеалари дунё жамоатчилиги, жаҳондаги энг етакчи оммавий ахборот агентликлари диққат марказида бўлди ва энг муҳим янгиликлар қаторида ёритиб борилди.

Хусусан, Россиянинг “1-канал”и, РТР ва НТВ телеканаллари, Си-Эн-Эн , “Евроньюс” каби йирик ахборот воситалари бу воқеаларни батафсил ва тезкор ёритиб боришга ҳаракат қилди.

Аммо Ўзбекистон аҳолиси бу воқеалар, уларнинг ривожи, ҳалок бўлган ва ярадорлар сони, Андижондаги вазият ҳақида етарли маълумотга эга бўла олмади.

Россия ахборот воситалари Андижон фожеаси ҳақида маълумотлар бериб боришни ҳамон тўхтагани йўқ. Энг асосийси, улар айнан гувоҳларнинг хабарларига таяниб ахборот тарқатмоқда.

НТВ телеканали маълумотларидан иқтибос:

“Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган гувоҳларнинг айтишича, Андижондаги марказий майдоннинг ўзидагина 700 жасад, бошқа кўчаларда эса бундан ҳам кўпроқ мурдалар бор. Ўзбекистон расмийлари Андижондаги тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлганлар сони ҳақида ҳеч бир изоҳ билдирмаётир”.

Бундай маълумотлар эфирга узатилаётган бир пайтда, Ўзбекистон Президенти воқеалар юзасидан баёнот бергачгина, оз бўлса-да, “Ўзбекистон” телеканалида қуйидаги лавҳа берилди:

“Албатта, Андижонда рўй берган воқеалар ҳар томонлама таҳлил қилинади. Хулоса ва сабоқлар чиқарилади. Лекин шу нарса аёнким, қора ниятли кишиларнинг ҳар қандай уриниши ўзининг буюк келажаги сари интилаётган мамлакатимиз улкан карвонининг йўлига ғов бўла олмайди”.

Интернетда ҳам гувоҳларнинг кўрсатмаларига кенг суянилди. Масалан, “Фергана.ру” сайтидаги маълумотлар бирида бундай дейилади:

“Андижон фожеаси гувоҳларининг айтишича, Андижондаги исёнларда ҳалок бўлганлар тўхтовсиз юк машиналарига ортилмоқда”.

Мазкур сайтда 12 майдан 13 майга ўтар кечаси қуролли кишилар томонидан озод этилган маҳбуслар сўзлари ҳам келтирилади:

“Тасодифан озодликка чиқиб қолган маҳбуслардан бирининг айтишича, баъзи маҳбуслар ҳозир Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот органларига ўз ихтиёри билан келиб, жазо муддатини ўташни давом эттиришга рағбатини билдиряпти. Маҳбуслар эса тегишли мутасаддилардан қамоқхонада озиқ-овқат муаммоси борлиги сабаб уйидан чиқмай ўтириш ҳақида буйруқ олган”.

Ўзбекистон телевидениеси Андижон воқеаларига муносабат бера бошлади.

“Бошқа давлатларда ҳам шундай воқеалар бўлиб ўтди. Уларнинг Президентлари сичқоннинг инини минг тангага сотиб олиб, кетворди. Аммо бизнинг Президентимиз худди ўша жойга, вилоят ҳокимлиги атрофига... Тағин буюрдики, бирортанг ҳеч қанақа қурол ишлатмайсан. Ростда, демократик давлатимиз бор. Бизнинг кучли Президентимиз, кучли давлат бошқарувимиз бор”, - дейилади шундан муносабатлардан бирида.
XS
SM
MD
LG