Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:09

Қашқадарёликлар андижонликларга ҳамдардлик билдиряпти


Фирдавс Муқобил ахборотлар кўпайиб боргани сари Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орқали Андижон воқеалари юзидан берилаётган расмий маълумотларга мамлакат фуқаролари ишонмаётгандек кўринади.

“Озодлик” мухбирининг қашқадарёлик кўплаб фуқаролар билан ўтказган суҳбатлари айнан шуни кўрсатди.

Суҳбатдошларнинг аксарияти намойишга чиққан андижонликларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Мен чиқиш халқнинг ўзи томонидан амалга оширилган, деб ҳисоблайман. Барча жойдаги каби у ерда ҳам ҳукумат ўз зулмини ўтказган, халқнинг эса сабр-косаси тўлган”, - деди қашқадарёлик йигитлардан бири.

Бир аёлнинг сўзларига кўра, у Андижонда бегуноҳ халққа ўқ узилгани ҳақида кўп эшитяпти. Тинч аҳоли ўртасида қурбонлар ҳам кўп бўлган.

Баъзи суҳбатдошлар қўлига қурол билан чиққан кишини, у ким бўлишидан қатъи назар, оқлаб бўлмаслигини таъкидлади.

“Биринчи бўлиб улар (исёнчилар) ички ишлар ходимлари ва аскарларни ўлдирди. Шунинг учун тинч аҳолига ўқ узилгани ҳақидаги гапларга мен қўшилмайман”, - деди суҳбатдошлардан бири.

Расмийлар томонидан тинмай такрорланаётганига қарамай, исёнчилар ислом давлати тузиш учун қўлига қурол олгани тўғрисидаги фикрларга кўпчилик ишонмаётир.

“Балога қолган “Ҳизб ут-таҳрир” бўлиб қолди. Аслини олганда, ҳамма айб тузумнинг ўзида. Ҳозирги ҳокимият оддий ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал қилиб бера олмаяпти. Одамлар қаерга бош уришни билмай қолди. Натижада мана шундай портлаш рўй берди”, - деди суҳбатдош ёш йигит.

Қашқадарёлик суҳбатдошларнинг аксарияти Андижонда қурбон бўлганларга ҳамдардлик билдирди.

Суҳбатдошларнинг қўшимча қилишича, Андижон воқеаларидан буён бир неча кун ўтган бўлса-да, маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу ҳақда холис ва тўлиқ ахборот бермаяпти. Оқибатда халқ орасида турли миш-мишлар кўпаймоқда.
XS
SM
MD
LG