Линклар

Андижондаги воқеалар юзасидан “Озодлик” радиосига ўз муносабатини билдирган хоразмликларнинг бир тоифаси фикрларини ҳукумат манбаларидан олинган маълумотларга таяниб изҳор этган бўлса, иккинчи тоифаси мустақил манбалардан қўлга киритган ахборотлари асосида мулоҳазаларини баён қилди.

Биринчи тоифа кишиларининг фикрича, Андижондаги тартибсизликлар босқинчиликдан бошқа нарса эмас.

“Қон тўкилган экан, демак у ерда яхши воқеа бўлмаган. Каримов отамиз ҳам бизга жонини фидо қилиб, тинчлик учун курашмоқда. Бизга тинчлик керак. Ундай одамлар йўқолсин”, - деди улар.

Иккинчи тоифа вакилларнинг таъкидлашича. Андижон халқининг норозиликка чиққани тўғри бўлган. Чунки бутун халқ оч, одамлар ишсиз, ҳукуматдан норози.

“Бола-чақа боқиш қийин бўлиб қолди. Ун, электр, нон қиммат. Завод-фабрикалар ишламайди. Неча юз минг одамларимиз Россияда юрибди”, - деди иккинчи тоифа кишилари.

Хоразмликларнинг кўпчилиги Андижонда нима воқеалар бўлганидан бехабарлигини билдирди.

Мустақил кузатувчилар эса аслида барча бу воқеалардан хабардор эканини, аммо фикрини очиқ баён қилишдан чўчишини таъкидламоқда.

“Исёнчиларнинг қуролли ҳужумлар қилгани ҳукумат учун баҳона бўлди. Шу баҳона билан тинч аҳолини ҳам қириб юборди. Ҳукуматнинг ўзини оқлашига қўл қўймаслик учун фақат тинч йўл билан курашиш керак”, - деди мустақил кузатувчилардан бири.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоят бўлими раҳбари Қаландар Самандаров Андижондаги қон тўкилиши ўзбек халқнинг фожеаси эканини билдирди.

Унинг айтишича, қуролли исён билан ҳокимиятни эгаллаш замонлари ўтиб кетган. Ҳозир фақат ғоя билан курашиш мумкин.

Айни кунларда Урганч шаҳрида одатдаги осойишталикни кузатиш мумкин. Бироқ Хоразмнинг Туркманистон билан чегара постлари ёпилиб, кириш-чиқиш тўхтатилган.

Қорақалпоғистонда эса ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан назорат кучайтирилгани кузатилаяпти. Нукус шаҳри яқинидаги йўл-партуль хизмати постига ҳарбий техника воситалари келтириб қўйилган.

Қўнғирот шаҳридан Россия ва Қозоғистонга кетаётган эркаклар эса ҳарбийлар кузатувида Нукусга олиб келиниб, махсус текширувдан ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG