Линклар

Шайбон 15 май куни Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси Дэвид Моран Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга норозилик нотаси топширилди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг маълум қилишича, элчининг вазирликка чақирилишига Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жек Стронинг Андижон воқеалари юзасидан берган баёноти сабаб бўлган.

Элчига топширилган норозилик нотасида қуйидаги сўзлар бор:

“Буюк Британия ташқи ишлар вазири жаноб Жек Стронинг Андижон шаҳридан минглаб километр узоқда туриб, у ерда бўлган тўқнашувлардан яхши хабардордек берган баёноти Ўзбекистонда таажжуб уйғотди. Жек Стро ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тинч намойишчиларга ўқ узилганини, гарчи бундай бўлмаган эса-да, қаердан олди?”

Шунингдек, норозилик нотасида Жек Стро вазиятни яхши ўргангандан сўнг бундай баёнот берса яхши бўлиши таъкидланади.

Унда Ж.Строга Ўзбекистон Президентининг мазкур воқеалар юзасидан берган маълумотлари билан танишиб чиқиш тавсия этилади.

Буюк Британия элчихонаси ҳозирча мазкур норозилик нотаси юзасидан изоҳ билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG