Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:03

Ҳукуматдан аҳолига ўқ отмаслик талаб қилинди


17 май куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифатдаги партиялар вакиллари, оддий фуқаролар томонидан пикет қилинди.

Улар Ўзбекистон ҳукуматидан тинч аҳолига қарата қуролли ҳужумлар уюштиришни тўхтатишни талаб қилди.

“Озод деҳқонлар” партияси вакили Аҳтам Шоймардоновнинг сўзларига қараганда, андижонликларга ўз ҳамдардлигини билдириш учун минглаб одамлар кўчага чиқиши мумкин эди.

“Лекин биз ҳаммамиз қаттиқ қўрқитилганмиз. Бу қон тўкишлар дарҳол тўхтатилиши ва у ерга халқаро кучлар киритилиши лозим. Акс ҳолда бу зиддиятнинг чеки бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистоннинг стратегик шериги бўлмиш АҚШдан бу жараёнларга аралашишини талаб қиламиз”, - деди А.Шоймардонов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг таъкидлашича, Андижон фожеаларини текшириш юзасидан Олий Мажлис бирорта ташаббус кўрсатгани йўқ. Парламент комиссияси тузилмаётир. Бу масала жамоатчилик кўз ўнгида ўрганилаётгани йўқ. Шунинг учун халқ ҳукумат ҳулосаларига ишонмайди.

“Ўзбекистонда зиддиятларнинг олдини олиш имкони бор эди. Тинч аҳоли орасидан жиноятчи қидирмасдан бу муаммоларни демократик йўл билан ечиш мумкин эди. Лекин Президент бошқа йўлдан борди. Ҳозирги шароитда энг тўғри йўл Президентнинг истеъфо беришидир. Ҳали ҳам кеч эмас”, - деди А.Турғунов.

Маълум бўлишича, пикетда иштирок этиш ниятида бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Елена Урлаева ва Юрий Коноплёв эрталаб милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

Е.Урлаеванинг “Озодлик” мухбирига айтишича, у “Озод деҳқонлар” партияси идорасида тунаб қолган. Эрталаб милиция ходимлари эшикни бузиб кириб, уни дастлаб ички ишлар бўлимига, кейин эса уйига олиб борган. Айни пайтда у уй қамоғида сақланмоқда.

Ю.Коноплёв ҳам ички ишлар бўлимида тушгача ушлаб турилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG