Линклар

logo-print

Журналистларни халқнинг ўзи ҳимоя қилди


Шайбон

Шу кунлар Андижон аҳли учун ўта изтиробли, қайғуга, оғриқли йўқотишларга тўла бўлди. Гўёки қуролли гуруҳдан андижонликларни қутқаришга келган ҳарбийлар негадир ҳаммани, шу жумладан, ёш болалару кексалар, аёллару қизалоқларни ўққа тутди.

Халқ бошига тушган бу офатлар журналистлар томон ҳам ҳамла қилди. Ҳатто Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (Буюк Британия) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоева хизмат сумкаси ўқлардан илма-тешик бўлиб кетди. Шукрки, унинг ўзи омон қолди.

“Озодлик” радиоси мухбири Садриддин ҳам Андижон фожеасига шахсан гувоҳ бўлди, қонли кунларда у ердаги воқеаларни кузатиб борди.

Садриддин Андижонда кўрган-эшитганлари билан ўртоқлашади:

Андижон шаҳрига киришнинг ўзи жуда қийин бўлди. Ҳар хил тўсиқлардан ўтиб боришга тўғри келди. Шаҳарда ишлаш жуда қийин кечди. Чунки бу ерда ҳеч қандай ҳокимият йўқ эди.

Журналистлар шундай шароитда ўз ҳаётини хавфга қўйиб меҳнат қилди. 14 май куни эрталаб 6-6.30 ларда одамлар билан гаплашиб турганимизда бошимиз узра автоматдан ўқ узилди. Биз зудлик билан ўзимизни панага олдик. Шундан кейин отишма бошланиб кетди ва 1,5 соат давом этди.

Шундай шароитда бизнинг хавфсизлигимизни на ҳарбийлар, на бошқа ҳуқуқ-тартибот ходимлари таъминлай олмади. Аксинча, милиция ходимлари баъзи журналистларни бир неча соат мобайнида ички ишлар бўлимида ушлаб турганини эшитдик.

Улар журналистларга хавфсизликни кафолатлай олмаслиги айтиб, шаҳарни тарк этишни талаб қилган. МХХ ходимлари журналистларни уларга қарши фитна тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Шундан кейин биз журналистлар шаҳарни тарк этишга мажбур бўлдик.

Оддий халқ журналистларга жуда яхши муносабатда бўлди. Вилоят ҳокимлиги олдидаги митингга борганимизда улар бизни ҳимоялаш билан бирга бор ҳақиқатни кўрсатишга ҳаракат қилди.

Одамлар бўлаётган воқеаларни фақат хорижий журналистлар холис ёритаётгани, Ўзбекистон ОАВ эса бир томонлама маълумот тарқатиш билан овора эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG