Линклар

logo-print

Андижонни Тяньаньминга қиёслаб бўлмайди


Тўлқин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 14 май куни ўтказилган матбуот анжуманида 13 май куни Андижонда кишиларга қарши ўқ отишга ҳеч ким буйруқ бермаганини билдирган эди.

Унда ҳарбийлар ўт очишни ўз-ўзидан бошлаганми, деган саволга “Озодлик” мухбирининг расмий идоралардан жавоб олишга уриниши зое кетди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, Андижондаги каби вазиятларда ҳарбийларга кимдир буйруқ бермаса, майдонда турган кишиларга ўзбошимчалик билан ўқ узмас эди. Чунки ҳарбийларда майдондаги одамлар ва вилоят ҳокимлиги биноси ичидаги қуролли кишиларни бир-биридан фарқлаш учун вақт етарли эди.

“Фуқаролар билан ҳукумат ўртасидаги можароларда қурол қўллаш учун қонун бўйича, албатта, Бош қўмондон, яъни Президент буйруқ бериши мумкин. Ундан бошқа бирорта мулозим буйруқ бера олмайди. Зеро, Қуролли кучлар турли идораларга буйсунувчи бўлинмалардан иборат”, - деди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, агар ўқ отиш ўзбошимчалик билан бошланганида Президент ҳукумат идоралари, жамоатчилик вакиллари, журналистларни жалб қилган ҳолда айбдорларни аниқлаши керак эди.

Ғарб матбуотида Андижон воқеалари 1989 йилда Пекиндаги Тяньаньминь майдонида содир бўлган хунрезликларга қиёсланмоқда.

Т.Йўлдошев бу ўхшатиш ўринсиз эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Пекинда майдонга чиққан халқ ҳарбий куч қўлланилиши тўғрисида аввалдан огоҳлантирилган эди. Шу боис, майдонда аёллар ва болалар қолмаганди. Аммо Андижонда бундай огоҳлантириш бўлмаган.

“Халойиқни ўққа тутишдан муддао халқни қўрқитиш ва Қирғизистондаги каби воқеалар мамлакатда содир бўлишининг олдини олишдир”, - деди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG