Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

Андижонликларга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётир


Феруза Андижон воқеаларида ўлган ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумотлар мавҳум бўлиб қолаётган бир пайтда норасмий манбалар улар сони бир неча юздан бир неча минггача бўлиши мумкинлиги тўғрида хабар тарқатяпти.

Бу хунрезликлар бевосита гувоҳ бўлмаган жаҳон аҳлини жунбушга солаётгани кунларда андижонликларнинг руҳияти, уларга қандай тиббий хизматлар кўрсатилаётгани кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Улуғбек Хайруллаевнинг таъкидлашича, шифохоналарга келаётган андижонликларга барча турдаги тиббий ёрдам кўрсатиляпти. У ерда барча керакли тиббий ашёлар мавжуд. Халқаро ташкилотлардан шу кунларда ҳеч қандай ёрдам олинмаган.

Қизил ярим ой жамияти вакиласи Озода Муҳиддинованинг сўзларига қараганда, жамиятнинг Андижон ва Фарғонадаги бўлимлари воқеалар бошланган биринчи кунданоқ ўз кўмагини бериб келяпти. Ҳозир Тошкентда ҳам Андижонга жўнатиш учун инсонпарварлик ёрдами тайёрланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили эса Андижондаги вазиятни ўрганиш бошлангани, қандай ёрдам кўрсатиш шундан кейин маълум бўлишини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги биноси ичида гаровга олинганлар орасида бўлган Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Андижондаги вакили Қодиржон Эргашевнинг айтишича, у ярадор ҳолда шифохонага олиб келинган.

“Бу ерда дарҳол оғриқни қолдирувчи дорилар қилинди. Бироқ руҳий ёрдам кўрсатилгани йўқ. Ҳозир фақат ўша ерда ётганларга ёрдам кўрсатиляпти. Кўчада турганларга навбат ҳам етиб келгани йўқ. Ҳеч бўлмаса, радио-телевидение орқали психологлар чиқиб, одамларни тинчлантирса бўларди-ку”, - деди Қ.Эргашев.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўзини таништиришни истамаган вакилининг билдиришича, вазирлик ходимлари ҳар қандай шароитда аҳолига ёрдам кўрсатишга тайёр туради. Аммо халқ ва ҳукумат ўртасидаги тўполонлар чоғида вазирликнинг ёрдами рад этилади. Буни юқоридагилар бундай вазиятларда аҳолига ёрдам кўрсатиш ФВВ ваколатига кирмаслиги билан изоҳлайди.

Андижондаги соғлиқни сақлаш бўлимларидан шаҳар шифохоналаридаги аҳвол хусусида маълумот олишнинг имкони бўлмади. Андижонлик соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўзларига хорижий ОАВ учун бундай маълумотлар бермаслик буюрилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG