Линклар

logo-print

Феруза Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Андижон воқеалари туфайли Қирғизистонга қочиб ўтган кишилар қочқинлар сифатида талқин қилинаётганига норозилик билдирди.

“Қирғизистон томони сизлар (журналистлар) қочқинлар деб атаётган кишилардан 73 та автоматни олиб, бизга қайтариб берди. Биз уларни ўз ҳудудимизда қўлга олишимиз мумкин эди. Бироқ халқ орасида қурбонлар бўлиши олдини олиш учун шахсан менинг буйруғим билан чегара очиб қўйилди”, - деди 17 март куни Бош прокуратурада ўтказилаётган брифингга кутилмаганда кириб келган Президент.

Ўзбекистон раҳбарининг мана шу матбуот анжуманидаги гаплари мамлакатнинг турли қатламлари орасида қизғин муҳокама сабаб бўлмоқда.

Демократик ташаббуслар маркази раиси Искандар Худойбергановнинг сўзларига қараганда, Андижон вилоятидаги каби нотинчлик содир бўлса, одамлар ўз жонини омон сақлаш учун қочиши табиий ҳол. Шундан экан, барча қочқинларни экстремистга чиқариш нотўғридир.

И.Худойберганов ҳукумат томонидан билдираётган фикрларда мамлакатда вужудга келган фожеали ҳолатни бошқаларнинг зиммасига юклашга уриниш борлигини таъкидлади.

И.Каримов журналистлар билан учрашув чоғида:

“Аҳолининг норозилиги ва ижтимоий портлашга олиб бориши мумкин бўлган вазият дунёнинг барча мамлакатларида, уларнинг тараққиёт даражасидан қатъи назар, мавжуд. Аҳолининг ижтимоий даражаси, унинг демократик ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти шаклланганлик даражаси – булар, биринчи навбатда, ижтимоий портлашнинг олдини олувчи омиллардир. Қаердаги ҳукумат амалдорлари ўз манфаатидан бошқа нарсани кўрмай, порахўрликка берилса, ўша ерда ижтимоий портлаш содир бўлади”, - деди.

Президент таъкидлашича, Францияда ёки Германияда низоли вазиятларда одамлар тартибсизлик уюштирмайди. Чунки уларнинг демократик тафаккури юқори.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев И.Каримов ижтимоий портлаш ҳақидаги мулоҳазалари билан ўзини-ўзи фош қилганини айтди.

Унинг фикрича, Президент келтириб ўтган ижтимоий портлаш юзага келиши учун зарур бўлган сабаблар мамлакатда мавжудлигини барча кўриб турибди.

Б.Мусаевнинг эътирофича, И.Каримов, гарчи ўзи истамаса-да, демократик мамлакатлар халқи низоли вазиятларда тартибсизликлар қилмаслиги ҳақида гаплари билан аслида Андижонда ҳам халқ чиқиши бўлганини тан олди.

Жамиятшуноснинг айтишича, Ўзбекистон раҳбари Андижон воқеаларини ўрганиш учун тузиладиган ҳар қандай мустақил комиссия уни сохталаштириши мумкинлигини таъкидлади. Шунинг учун агар халқаро жамоатчилик комиссияси Андижондаги фожеани ўрганмаса, ҳукумат уни ўзи истаган рангда бўяб кўрсатаверади.
XS
SM
MD
LG