Линклар

logo-print

Элчилар ва журналистлар Андижонга “прогулка”га борганмиди?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Президентининг берган ваъдаларига қарамай, 18 май куни Андижонда бўлган дипломатик корпус вакиллари ва журналистларга вазиятни кенгроқ ўрганишга имкон берилмади.

17 май куни матбуот анжуманида Ўзбекистон раҳбари дипломатик корпус вакиллари ва журналистларни Андижондаги вазиятни ўз кўзи билан кўриш, исталган киши билан суҳбатлашиш учун Андижонга таклиф қилганди.

Аммо бу таклиф бўйича йўлга чиққан журналистлар илк тўсиққа Тошкент аэропортидаёқ дуч келди. Самолётга фақат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тузилган махсус рўйхатга киритилган журналистларгина чиқарилди.

Қолганлар, жумладан, “Озодлик” радиосининг вазирлик томонидан расман аккредитациядан ўтказилган мухбирига ҳам самолётда жой топилмади.

Андижонда бўлиб қайтган журналистларнинг сўзларига қараганда, Андижонда уларга Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов ҳамроҳлик қилган. Вазир “террорчилар” ҳужум қилган объектлар билан таништирган.

Унинг айтишича, террорчилар қўшни мамлакатлардан аввалдан олиб келинган автоматлар билан қуролланган ҳолда патруль-пост хизматига 30 киши бўлиб ҳужум қилган.

“Террорчилар раҳбарларидан бирининг исми-шарифи аниқланди. У 1963 йилда туғилган Қобил Парпиев бўлиб, диний ташкилотларга алоқадорлик белгилари бўйича илгари ИИВда рўйхатда турган. Жума куни у билан кун давомида музокаралар ўтказилди. Унинг жасади ўлдирилганлар орасидан топилмади. Тириклиги ҳам маълум эмас”, - деди З.Алматов.

Андижонга келганлар ҳокимлик биноси олдида вилоят ҳокими Сайдулла Бегалиев ва гаровда бўлган шаҳар халқ таълими бўлими мудири билан ҳам суҳбатлашди.

Журналистлар Андижонга сафар бор-йўғи икки соат давом этганини таъкидлади. Уларнинг билдиришича, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш имконияти берилмаган.

Аҳоли вакилларидан бири элчилар ва журналистлар келиши сабабли Андижоннинг эски шаҳар қисми бутунлай тўсиб қўйилганини, бу ерга оддий фуқаролар қўйилмаганини маълум қилди.

Тошкентдан вазиятни ўргангани келган элчилар бозорга бориш ва аҳоли билан гаплашиш истагини билдирди. Бироқ расмийлар хавфсизликни баҳона қилиб, бунга йўл бермади.

Шунингдек, журналистларнинг ўлганларнинг мурдалари сақланаётгани ҳақида хабар тарқатилган 15-мактабга бориш таклифи ҳам қабул қилинмади.

Журналистларнинг таъкидлашича, Андижон кўчаларида одам кўринмаган. Ҳар беш юз метр масофада ҳарбийлар, ҳар бир уй атрофида милиция ходимлари навбатчилик қилган.

“Бизда, Президент ваъда бергандай, оддий одамлар билан гаплашиш имконияти бўлмади”, - деди журналистлар.
XS
SM
MD
LG