Линклар

logo-print

Дилнаво “Озодлик” мухбири айрим ёзувчи ва шоирлар билан суҳбатда бўлиб, улардан Андижон воқеалари юзасидан муносабат сўради.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров: Авваламбор, мен Андижонда бегуноҳ кетганлар учун андижонликларга чин дилдан ҳамдардлик билдираман. Бутун дунё халқлари демократиядан баҳра олиб бораётган бир пайтда бизнинг жойлардан халифаликни орзу қиладиган одамлар чиққани кишининг қаҳрини келтиради. Бундайлар халққа қанчалик қайғу келтиришини толиблар мисолида кўрдик-ку!

Мен халқимиз ва раҳбариятимиз иноқ бўлишини, бир-бирини тушунишини, қўллаб-қувватлашини, шу орқали тинчлик таъмин этилишини чин дилдан истайман.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али: Ўзим андижонликман. Бу воқеалар менга жуда оғир ботди. Энг ёмони у ерда қон тўкилгани бўлди. Бу ҳам халқимиз бошидаги кўргилик экан-да. Илоҳо, бундай кунлар қайтарилмасин.

Шоир Иқбол Мирзо: Балки Бобур Мирзо сабабдир, устозим Муҳаммад Юсуф сабабдир, Андижон менга бошқача яқин, бошқача яхши кўраман Андижонни. Бўлиб ўтган воқеа менга қаттиқ таъсир қилди. Ҳар ким ўз имконияти даражасида энди бундай бўлмаслигининг чорасини кўриши керак.

Бу воқеалар ҳақида қарама-қарши фикрлар кўп. Ҳозир аниқ бир хулосага келиш қийин. Аммо мен биламанки, масалалар бундай йўл билан ечилмайди. Мен қон тўкилишига қаршиман. Бир томчи қон ҳам ҳеч қандай инқилобни оқламайди.

Шоир Ғулом Мирзо: Бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Мен айрилиқлар бўлган оилаларга ўзимнинг таъзиямни, қайғумни изҳор этаман.

Шу ўринда мен сизу бизга ўхшаган қаламкашларнинг холислиги катта аҳамият касб этишини айтиб ўтмоқчиман. Мени безовта қилгани шу бўлдики, воқеани бошиданоқ нотўғри талқин қилиш хорижлик ҳамкасбларимиз фаолиятида жуда акс этди. Бу ёқда Андижон воқеаларини гапириб, қачонлардир олинган видеолавҳалар, Қирғизистондаги суратлар берилди.

Мен воқеанинг эртаси куни Ўзбекистон Президентининг матбуот анжуманида бевосита қатнашдим. Хорижлик ҳамкасбларимиздан бири ўқ узишга ким буйруқ бергани тўғрисида савол берди. Президент бўлган вазият юзасидан холис жавоб қайтарди.

Мен ҳис қилдимки, журналист бу саволига жавобни матбуот анжуманига келишдан аввал билган. Халқнинг бошига шундай қайғулар тушганида, вазият қалтис бўлиб турганида журналистнинг зиммасига катта масъулият бўлиши керак, деб ўйлайман.

Таржимон ва шоир Жамол Камол: Менимча, Андижонда бунақа фожеа бу яқин-орада бўлмаган. Мени шунча киши ҳалок бўлганида қарамай, нега мамлакатда мотам эълон қилинмагани ҳайрон қолдиради. Нега радио-телевидениеда кеча-кундуз ашулаю концерт давом этяпти?

Бу фожеадан халқимиз сабоқ олиши керак. Айтмоқчиманки, бу тарихнинг бизга берган дарсидир. Биз янада жипслашиб, янада қўлни қўлга бериб, ўзбек ўзбекни аяйдиган бўлишимиз лозим. Бизнинг аскарларимиз ҳар қандай шароитда халқига ўқ отмаслиги керак.

Ёзувчи Зоҳир Аълам: Ўзбек халқининг Андижонда яшайдиган қисми энг мард экан. Бу воқеаларни иқтисодий оғир аҳволга, сиёсий бедодлик, ўз дардини айта олмасликка қарши билдирилган ғалаён, деб ҳисоблайман. Менимча, бу ерда ҳукумат томонидан қурол ишлатилишига сабаб бўлмаган. Чунки, Президент айтганидек, 11 соат давомида музокара олиб бориш мумкин бўлган. Лекин ҳукумат “таслим бўласан”, деб туриб олган, шекилли, улар қочиб чиқиб кетмоқчи бўлган. Қурбон бўлганлар орасида чоллар, хотинлар, болалар борлиги айтиляпти. Расмий ахборотда эса тескариси. Шунинг учун, Андижонда мардлар қолгандир, ўлганларнинг барчасини рўйхати олишса. Чунки бу одамлар келажакда мангу қолади, деб ўйлайман.
XS
SM
MD
LG