Линклар

Халқаро амнистия ташкилоти Андижондаги намойишчиларга қарши куч ишлатилганини қаттиқ қоралади


A.Арал Халқаро амнистия ташкилоти Андижондаги намойишчиларга қарши куч ишлатилганини қаттиқ қоралади ва Ўзбекистон ҳукуматини юз берган воқеалар тўғрисида мустақил тергов олиб бориб¸ натижаларини жамоатчиликка ошкор қилиш ва масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Халқаро амнистия ташкилоти 13 май куни кечга яқин ҳукумат кучлари Андижонда намойишчиларни ўққа тутгани оқибатида кўплаб эркак¸ аëл ва болалар ҳалок бўлганидан жиддий ташвишланиш билдирди.

Халқаро амнистия ташкилотининг Ўзбекистон бўйича Лондондаги вакили Майси Вайхердинг Озодлик радиосига берган суҳбатида бундай дейди:

“Халқаро амнистия ташкилоти Андижонда фуқароларга қарши шафқатсизларча куч ишлатилганидан жуда ҳайратда қолди ва бундай ҳаракатларни қаттиқ қоралайди. Биз Ўзбекистон ҳукуматини воқеалар юзасидан мустақил текширув олиб бориш¸ натижаларини ошкор қилиш ва масъул кишилар судга тортилишига рухсат беришга чақирамиз”¸ - дейди Халқаро амнистия ташкилоти вакили.

Куникеча ташкилот томонидан тарқатилган баëнотда айтилишича¸ Андижон ҳокимияти биноси олдида камбағалликка чек қўйилиши ва адолат талаб қилиб тўпланган минглаб намойишчилар қуролсиз тинч аҳоли бўлган. Шунга қарамай¸ ҳукумат кучлари намойишчиларни огоҳлантирмасдан ўққа тутган. Натижада бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган¸ дейилади баëнотда.

Халқаро амнистия ташкилотининг билдиришича¸ Ўзбекистоннинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари ходимлари Андижонда уйма-уй тинтув ўтказиб¸ намойиш ташкилотчиларини қидирмоқда ҳамда намойишга алоқадор ва унга иштирок этганларни қўлга олмоқда. Намойишчилар ва уларнинг оила аъзолари қамоққа олиниш хавфи остида.

“Ҳозирги пайтда Андижон дунëдан узилиб қолгани тўғрисида жиддий хавотирлар бор. Ҳозир Андижон ичкарисида нима бўлаëтгани ҳақида ҳеч ким билмайди. Бизни ҳукумат кучлари кескин чора кўриши мумкинлиги ташвишлантирмоқда”¸ - дейди Халқаро амнистия ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Майси Вайхердинг Озодлик радиосига берган суҳбатида.
XS
SM
MD
LG