Линклар

Бугун Ўзбекистон ички ишлар вазири Зокир Алматов матбуот анжумани ўтказди.


Матбуот анжуманида Алматов Андижондаги исён ҳақида маълумот бериб, исёнчилар етакчиси исмини эълон қилди.
Алматовнинг айтишича, Андижондаги воқеаларда исёнчиларга Қобул Парпиев исмли шахс етакчилик қилган ва у ҳозирда озодликда қолмоқда.
Норозилик намойиши иштирокчилари Парпиевнинг Алматов билан музокара олиб борганини тасдиқлади.
Матбуот анжуманида ички ишлар вазири эълон қилган Андижон воқеалари қурбонларининг сони кеча республика бош прокурори берган маълумотлардан фарқ қилди.
Ички ишлар вазири Алматов Андижонда рўй берган воқеаларда 108 фуқаро ва 32 ҳуқуқни ҳимоя қилиш органилари ходими ҳалок бўлганини маълум қилди.
Ўзбекистон бош прокурори Рашид Қодиров кеча айтган сўзларига кўра эса, Андижонда ўтган жума куни рўй берган зўравонликларда 169 одам қурбон бўлган. Улар орасида 32 аскар ва 137 нафар бошқалар бор эди, деб баён қилди бош прокурор. Бошқалар деганда, Қодиров таъбири билан, асосан террорчилар, жумладан ҳориж жанггарилари назарда тутилди.
Ўзбекистон бош прокурори ва ички ишлар вазири берган маълумотлар бир биридан фарқ қилиб турган бир пайтда, Андижон воқеалари гувоҳлари ҳамда мухолифат гуруҳлар қурбонлар ҳақида бошқа рақамларни айтмоқда. Бу маълумотларга кўра, Андижон воқеаларида ҳукуматнинг куч ишлатиши оқибатида 500дан ортиқ одам қурбон бўлган ва уларнинг кўпчилиги тинч аҳоли вакиллари бўлган.
Сешанба куни Озод деҳқонлар партияси эълон қилган қурбонлар рўйҳатида, ҳукумат қўшинлари томонидан Андижон ва Пахтободда ўлдирилган 745 кишининг исми бор.
Шунингдек, Алматов бугунги матбуот анжуманида, Андижон вилоят ҳокимилигини эгаллаб олган намойишчилар бино ичида 50 кишини гаровда ушлаб турганини, уларнинг бер нечасини отиб ўлдирганини айтди.
XS
SM
MD
LG