Линклар

Бугун бир гуруҳ дипломат ва журналистлар Андижонга келди.


Дипломатларнинг сафаридан мақсад Андижонда ҳукумат томонидан намойишнинг бостирилиши натижасида юзлаб одамларнинг ҳалок бўлгани вазиятини ўрганишдан иборат эди. Жума кунги қонли воқеалардан кейин дипломатлар Андижонга биринчи марта киритилди.
Делегация таркибида бўлган Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Дэвид Моран сафар ҳақида бундай хулоса қилди:
“Ўзбекистон расмийлари биз кўрмоқчи бўлган жойларга боришимизга руҳсат бермоқда. Бу албатта ижобий қадам. Лекин қисқа вақт ичида, яшин тезлигида кўп жойларда тўхтаб, у ердаги вазиятни ўрганиш мушкул эканини ҳам тан олмоғимиз даркор”.
“Энди эса кейинги қадам ўлароқ мунтазам равишда очиқлик билан ўтказиладиган текширув жараёни керак бўлади. Шундагина халқаро ҳамжамият бу ерда содир бўлган воқеага аниқ ва ишончли баҳо бера олади”,
- деди Дэвид Моран
Андижонга борган бошқа бир дипломат, Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Алеш Фойтек Президент Каримов ваъда қилганидек, маҳаллий аҳоли билан учрашиш имкони бўлмаганини айтди.
“Маҳаллий аҳоли билан учрашув масаласига келсак, воқеада ҳалок бўлган милиционернинг онаси билан учрашдик. Ундан ташқари у ерда фақат расмийлар бор эди холос. Расмийлар бунинг сабабини хавфсизлик чоралари билан тушунтирдилар.”
Андижонга келган делегация таркибига бир неча ҳорижий журналистлар, жумладан Озодлик радиоси мухбири киритилмади.
Айни пайтда, олинган сўнгги хабарларга кўра, бугун Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси олдидаги Қорасув шаҳарчасида мингга яқин одам иштирокида норозилик намойиши бўлиб ўтган. Намойишчилар Қирғизистоннинг чегарани ёпиб қўйиш қарорига қарши норозилик билдирган. Улар чегарнинг очилиши ва ўзбекистонлик қочқинларнинг Қирғизистонга ўтишига руҳсат берилшини талаб қилган.
XS
SM
MD
LG