Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:03

Халқаро комиссиядан ким қўрқади?


Шайбон 17 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Андижон воқеаларнинг халқаро комиссия томонидан ўрганилишига қарши эканини билдирди.

“Сьерра-Леоне ёки Руандада шундай қилишга одатланилган. Аммо Ўзбекистон суверен давлат ва мамлакатда юзага келган вазиятни ўзи ҳал қилади. Сизларда (Ғарб мамлакатларида демоқчи) бирор кор-ҳол юз берса, бизларни таклиф қиласизларми”, - деди Президент.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев мазкур мулоҳазаларга муносабат билдирар экан, “иштонсизнинг хавфи чўпдан” деган ўзбек мақолини келтириб ўтди.

“Андижон воқеаларини Европа Иттифоқи комиссияси келса, Андижондаги хунрезликларда қанча одам ўлгани, унинг ортида кимлар тургани маълум бўлиб қолишидан ўзбек ҳукумати чўчияпти”, - деди А.Аннаев.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, Андижон воқеаларига Ўзбекистоннинг ички иши сифатида қараш нотўғри. Чунки инсон ҳуқуқларининг бу даражада кенг бузилиши мазкур фожеа халқаро ҳамжамият томонидан текширилиши учун етарлидир.

Ислом Каримов АҚШ Давлат департаментининг Андижон воқеаларига билдирган баёнотига ҳам тўхталиб ўтди. У бу баёнотда Ўзбекистонга нисбатан билдирилган талабларни АҚШ ўз олдига ҳам қўйса ёмон бўлмаслигини таъкидлади. Бу ўринда Ўзбекистон раҳбари АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонда амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатларига ишора қилди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарлари халқаро ҳамжамиятнинг фикр билдиришига норози бўлаётгани нотўғридир. Зеро, инсон ҳуқуқлари фақатгина Ўзбекистоннинг ички иши эмас. У халқаро сиёсат объекти ҳисобланади.

Аввалроқ И.Каримов Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жек Стронинг Андижон воқеалари юзасидан берган баёнотини янада кескинроқ қоралаганди. Ҳатто бу баёнот мазкур давлат элчисининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига икки бор чақирилиши ва унга норозилик нотаси топширилишига ҳам сабаб бўлганди.

Аммо 17 май кунги матбуот анжуманида И.Каримов кутилмаганда Жек Стро баёнотига мутлақо эътирози йўқлигини билдирди.

“Менимча, унга нотўғри маълумотлар етказилган. У ўз баёнотида бу дастлабки маълумотлар эканини ва улар синчков ўрганилиши лозимлигини қайд этди. Мен унинг фикрига қўшиламан. Кўриб турибсизки, ўртамизда ҳеч қандай ихтилоф йўқ, аксинча, фикрлар бир-бирига мос”, - деди Президент.

К.Алиевнинг эътирофича, Жек Стронинг баёнотига ўзбек расмийлари томонидан бу қадар бир-бирига қарама-қарши муносабат билдирилишига дипломатик ёндашув сифатида қараш керак.
XS
SM
MD
LG