Линклар

Элчилар Андижонда нималарни кўрди?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Президентининг таклифидан сўнг Андижонда бўлган дипломатик корпус вакиллари ва журналистларга хавфсизлик рўкач қилиниб, оддий одамлар билан учрашувига рухсат этилмади.

Ваҳоланки, бир кун аввал Президентнинг ўзи Андижонда вазият тўла барқарорлашганини айтган эди.

Андижондан қайтгандан сўнг баъзи элчилар Ўзбекистон телевиденисига интервью берди.

АҚШ элчиси Жон Пурнеллнинг айтишича, бу жуда қайғули саёҳат бўлди. Ўзбекистон ҳукумати буни ташкил қилгани яхши. Аммо Андижонда бўлиб ўтган фожеалар диққат билан ўрганилиш ва текширилишни талаб этади.

Украина элчиси Анатолий Касьяненко эса:

“Биз кўрган нарсалар қурол ишлатилгани ва бу қурол ўз бурчларини ўтаётган одамларга қаратилганини тасдиқлайди. Демократия ва озодликка автомат ёки бошқа қурол билан етишиб бўлмайди”, - деди.

Россия ва Жазоир элчилари тинч аҳолига қарата ўт очилмаганини андижонликлардан эшитганларини айтган бўлса, Туркманистон элчиси Ўзбекистон Президентининг тинчликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини маъқуллаб гапирди.

Лекин бирорта элчи бозорларга ёки хонадонларга бориб, одамлар билан учрашгани тўғрисида индамади.

Европада хавфсизлик ва ҳамрорлик ташкилоти элчиси Мирослав Енча “Правда востока” газетасига интервьюсида Андижонда намойишлар бўлмагани ҳақида унга ўша ерда гапиришганини айтади.

“Озодлик” мухбири АҚШ, Буюк Британия элчихоналари ва ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхоналари билан боғланиб, элчиларнинг Андижон сафарига оид муносабатини билишга ҳаракат қилди.

Лекин маҳаллий телевидение ва матбуотга интервью берган элчилар “Озодлик” радиосига муносабат билдиришни истамади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, маҳаллий ОАВга юқоридаги мазмунда интервью берган элчилар Ўзбекистон ҳукумати ҳали жиловни қўлдан чиқармаганини сезиб турибди. Шунинг учун улар ҳукумат билан муносабатни бузмасликдан манфаатдор.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати элчилар ва журналистларнинг Андижонга сафарини жаҳон ҳамжамиятини чалғитиш қилиш учунгина ташкил этган.
XS
SM
MD
LG