Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

Пикетга чиқишга йўл берилмади


Феруза 19 май куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдидаги пикетда қатнашиш ниятида бўлганларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан кўчага чиқарилмади.

Шу куни Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар вакиллари Россия ҳукумати, Давлат думаси ва оммавий ахборот воситаларининг Андижон воқеалари хусусидаги чиқишларига норозилик сифатида ушбу мамлакат элчихонасини пикет қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сотволди Абдуллаевнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, у ҳам шу пикетда қатнашиши лозим эди. Аммо эрталабдан уйи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан назоратга олинган ва у кўчага чиқарилмаган.

Фуқаро Шоира Содиқбекова элчихона олдидаги пикет тугагунга қадар Акмал Икромов тумани ИИБ ходимлари уни уйидан чиқишга қўймаганини билдирди.

“Мен ҳуқуқларим паймол этилаётганидан норозилик билдириш, шунингдек, Ўзбекистон жамиятидан адолат топа олмай намойишга чиққан андижонликларни қўллаб-қувватлаш учун пикетда қатнашмоқчи эдим”, - деди Ш.Содиқбекова.

Тошкентлик Римма Шокурова ҳам пикетга чиқишига йўл берилмаганини маълум қилди.

Пикет қатнашчилари йўлини тўсиш тўғрисидаги кўрсатма мазкур акцияга алоқаси бўлмаган кишиларга ҳам тадбиқ этилган кўринади.

Маълум бўлишича, 19 май куни Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг уйига ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари келиб, кечгача кўчага чиқмасликни тайинлаган.
XS
SM
MD
LG