Линклар

Андижон театрини ким ёққан?


Дилнаво Андижондаги воқеалар чоғида бу ердаги Йўлдош Охунбобоев номидаги вилоят мусиқали драма театри ҳам ёниб кетди. Театрни ёқишда кимнинг қўли борлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.

Театр бадиий раҳбари Жавлон Тошхўжаев Ўзбекистон телевидениесига берган интервьюсида театрни исёнчилар ёқиб юборганини айтди.

“Катта маданият масканига ўт кетганида ғаламислар унинг ёнаётганини кулиб томоша қилиб турди. Одамларимиз жонини хавфга қўйиб бўлса-да, театрдаги у-бу нарсани сақлаб қоламан деганида уларга қарата ҳам ўқ узишгани гувоҳи бўлдим”, - деди Ж.Тошхўжаев.

Аммо воқеага бевосита гувоҳ бўлганлар театр раҳбарининг бу гапларини инкор этиб, ёнғин бошқалар томонидан содир этилганини билдиряпти.

“Кинотеатр ва театрга милиция ходимлари ўт қўйганини ўз кўзим билан кўрдим”, - деди гувоҳ аёллардан бири.

Бир вақтлар гастрол сафарлари чоғида Андижон театри саҳнасида рол ижро этган санъаткорларнинг баъзилари унга ўт кетгани ҳақида ҳеч қандай расмий хабарни эшитмаганини маълум қилди.

Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова театрнинг ёнгани рост бўлса, бу жуда катта фожеа эканини таъкидлади.

Р.Иброҳимова ўзбекистонлик маданият ходимларини Андижон театрига ёрдам кўрсатишга чақирди.

“Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси вакилининг сўзларига қараганда, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мазкур театрга жиҳозлар билан ёрдам бериши мумкин. Бинони тиклаш эса маҳаллий ҳокимлик томонидан амалга оширилиши керак.

Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг театрлар бўйича мутасаддиларидан бири Андижон театри ёнгани тўғрисида вазирликда ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG