Линклар

logo-print

Мирослав Енча интервьюси нотўғри тушунилганидан афсусда


Ҳакимбек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мирослав Енча Андижонда тинч намойиш бўлмагани ҳақида баёнот бермаганини таъкидлади.

“Правда востока” газетасида М.Енча билан интервью чоп этилгандан кейин 20 май куни ваколатхонани пикет қилган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига у шуни тушунтиришга мажбур бўлди.

Ушбу газетада М.Енча мухбирнинг:

“Андижонда ҳақиқатан ҳам жиноий унсурлар ҳаракат қилганини, ҳеч қандай “тинч намойиш” бўлмаганини кўрдингизми”, - деган саволига элчининг,“Ҳа, энди биламизки, у ерда жиноий унсурлар ҳаракат қилган. Андижонда бизга айтишдики, намойишлар бўлмаган”, - дея жавоб қайтаргани ёзилади.

Мақолада элчи Андижонда патруль-пост хизмати, ҳарбий қисм, қамоқхона ва вилоят ҳокимлиги биносида бўлгани ва у ерда жиноий ҳаракатга қўл урилгани тўғрисида гапирган.

Унинг айни интервьюси ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларини ваколатхона биносини пикет қилишга мажбур этди.

Улар қўлларида ЕХҲТ ва Ўзбекистон сиёсати танқид қилинган плакатлар бор эди. Бироқ номаълум кишилар бу плакатларнинг бир қисмини йиртиб ташлади.

Пикетчилар олдига чиққан ваколатхона раҳбари М.Енча уларга “Правда востока”да эълон қилинган интервьюси юзасидан тушунтириш берди.

“Мен Андижонда намойиш бўлмади, деб айтганим йўқ. “Бизга намойиш бўлмади, деб айтишди”, деганман. Менинг бу сўзларим нотўғри тушунилганидан афсусдаман”, - деди М.Енча.

У Андижон воқеалари юзасидан турли манбалардан ҳар хил маълумотлар олгани, шунинг учун бу воқеа мустақил равишда батафсил, синчковлик билан ўрганилиши лозимлигини таъкидлади.

М.Енчанинг билдиришича, эртами-кечми ҳақиқат ойдинлашади. Бу эса, биринчи навбатда, ўзбекистонликлар учун жуда муҳим.
XS
SM
MD
LG