Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:59

Ўзбекистон Қирғизистонга нота йўллади


Зикрилло Ишонч Андижон воқеалари муносабати билан 19 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томонига йўллаган нотада қўшни мамлакат ҳукуматини чегарани мустаҳкамлашга чақирган.

Нотада Ўзбекистон билан чегарадош туманлардаги вазият таҳлил қилиниб, у ерда жиддий тартибсизликлар, диний кўринишдаги уюшмаган гуруҳлар ва шахсларнинг кескин чиқишлари тилга олинади.

Мазкур чиқишларни расмий Тошкент Ўзбекистон ҳукуматига қарши йўналтирилган даъват ва хатти-ҳаракатлар сифатида қабул қилган.

Нотада чегара ҳудудларидаги вазият маҳаллий ҳукумат томонидан назорат қилинаётганига қарамай, ўз вақтида чоралар кўрилмаслиги вазиятнинг назоратдан чиқиб кетишига олиб келишидан хавотир билдирилади.

Ҳужжатда Ўзбекистон томони Андижон воқеалари боис Қирғизистон ҳудудига ўтиб қолган аёллар, болалар ва кексаларни кечиктирмасдан, ҳеч қандай чеклашларсиз мамлакатга қайтишини ташкил қилишга тайёрлиги айтилади.

Нотада Андижон қамоқхонасидан ноқонуний равишда озод этилган 120 жиноятчи ҳамон қидирилаётгани маълум қилинади ва Қирғизистон ҳудудига ўтиб қолган 16 ёшдан ошган эркаклар пухта текширилиши сўралади.

Ўзбекистон томони чегара ҳудудларида маҳаллий фуқароларнинг кириб-чиқишини таъминлаш учун зарур миқдорда чегара ва божхона пунктлари ташкил этишга тайёр эканини изҳор этган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Нурлан Алимбеков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу нота Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбариятига йўллангани, шунинг учун мазкур нота юзасидан раҳбарият иш олиб боришини таъкидлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров нотада келтирилган мулоҳазалар юзасидан Қирғизистон томони чора-тадбирлар кўришига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG