Линклар

“Акрамий”нинг қонли мактуби

  • Садриддин Ашур

Андижондаги қонли воқеалардан сўнг 14 май куни вилоят ҳокимлиги биносида бўлган журналистлардан бири 13 май тунида қамоқхонадан озод этилган “акрамий”лардан бирининг қонга беланган хатини топиб олди.

“Азиз юртдошлар, ҳурматли шаҳарликлар, - деб бошланади мактуб. - Мамлакатимиздаги мураккаб иқтисодий вазият, қимматчилик, ишсизлик, ёмон коммунал хизмат, нархларнинг тўхтовсиз ўсиши, маошларнинг ҳаёт кечириш учун етмаслиги, қашшоқлик қачон тугайди? Бу муаммоларни ҳал қилиш йўллари борми? Биз ўзбеклар ҳам инсондай яшашга, ўз бойликларимизнинг хўжайини бўлишга ҳақлимиз. Тадбиркор ўз бизнеси билан эркин шуғуллана олмаса, ҳар бир тадбиркорнинг елкасига 10 та текинхўр ўтириб олган бўлса...”.

Мактуб давомида “акрамийлар” вакили ўзлари имкони борича иш ўринлари очгани, одамларни иш билан таъминлаганини айтиб ўтади. Унинг таъкидлашича, бу кимларгадир ёқмади ва уларни акрамийликда асоссиз айблаб, бир йил давомида қамоқхоналарда қийнади. Айбларини ҳатто судда ҳам исботлай олмади. Бундан ташқари, қариндошларини таъқиб қилиб, тазйиқ ўтказа бошлади.

Мактубдан иқтибос келтирамиз:

“Дўстлар, ҳамшаҳарлар! Биз ҳам Сизлар каби шу Андижонда, шу ватанда яшаймиз. Сизларни қийнаётган муаммолар бизларни ҳам қийнамоқда. Давлат ишида ишласанг, берган ойлиги рўзғорга етмаса. Ўзинг эплаб нонингни топсанг, еганингни кўра олмаса. Дардингни айтсанг, биров эшитмаса, ҳақингни талаб қилсанг, жиноятчига чиқарса, биз ҳам ҳамма қатори ибодатларимизни бемалол қилсак, ўз меҳнатимизга яраша ойлик олсак, билимимиз ва пулимиз билан тадбиркорлик қилсак, биров ҳасад қилиб тўсмаса деймиз”.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев бу хат билан танишиб чиққанидан кейин уларнинг ёмон ниятда бўлмаганига ишонганини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу мактубда битилган дардлар ҳақиқат. Хат халқни адолат учун курашга чорлаб ёзилган. Ҳукумат ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган кишиларни ҳизчилик, акрамийлик ва яна алламбалоларда айблаб, йўқ қилади.

Хатда яна қуйидаги сўзлар бор:

“Ҳамшаҳарлар, азиз андижонликлар, ҳаққимизни талаб қилиб турайлик. Вилоят ҳокими келсин. Президент вакили келсин. Бизнинг дардларимизни эшитсин.
Бизни қўйга ўхшатишди! Балиққа ўхшатишди! Биз ҳам ахир Инсонмиз! Ҳамшаҳарлар, шу жойда ўз ҳаққимизни биргаликда ҳамжиҳатлик билан талаб қилиб турайлик. Бирга бўлсак, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Биз халқмиз. Биз талаб қилсак, ҳукумат эшитиши керак. Бирга турсак, ҳеч нарса қилиша олмайди”.


Хат шу жойда тугайди. Унинг биринчи саҳифаси қонга беланган.

Б.Мусаевнинг фикрича, бундай қонли воқеаларнинг содир бўлишига, аввало, ҳукуматнинг ўзи сабабчи. Чунки у халқ ва ҳукумат ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи мухолифатга йўл бермаётир. Мухолифатнинг фаолияти бутунлай тақиқлаб қўйилган. Агар мухолифат бўлганида бундай инқирозли вазиятлардан қон тўкмай чиқишнинг имконияти юзага келади.
XS
SM
MD
LG