Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

Андижон фожеасига бир ҳафта бўлди


“Озодлик” радиоси Бошловчи: 13 май Ўзбекистон тарихига “қонли жума” сифатида кирди. Бу санани бутун дунё андижонликлар бошига тушган кулфат, фожеа сифатида баҳолаяпти. Бу фожеага 20 май куни бир ҳафта бўлди.

Мана шу кунни яна бир марта хотирлаш, нега шундай бўлганини яна бир бир эслаш учун ўтказилган давра суҳбатига таниқли шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан, “Озод овоз” сўз ва фикр эркинлиги ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев, жамиятшунос Комрон Алиев, мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев иштирок этяпти.

Д.Ҳасан: Занжир мўрт жойидан узилади. Андижон халқининг сабр-тоқати тугади. Демак бошқа вилоятлар аҳолисига сабр-тоқат чексиз берилган, андижонликларга кўп берилмаган экан-да. Андижонликнинг сабри шу ерга келганда портлади.

Президентимиз ҳар икки матбуот анжуманида Андижонга халқни ҳимоя қилишга борганини айтди. Халқни ҳимоя қилгани борган бўлсалар, у киши халқ билан учрашмади-ку? Вилоят ҳокимлиги олдидаги майдонда 30-40 минг одам – ночор, оч, камбағал бечоралар йиғилган. Халқим, деган Президент нега улар билан учрашмади? Халқни аскарлар отди, халқни ҳимоя қиламан деган одам томоша қилиб турди.

К.Алиев: Ўзбекистонда ниҳоятда оғир иқтисодий танглик юзага келди. Бу ҳолат фақат Андижонда эмас, бошқа жойда ҳам одамларни кўчага чиқишга мажбур қилди. Шаҳрисабздан келиб, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасини пикет қилганлар, Жиззахнинг Дўстлик туманида 500 га яқин кишининг майдонга чиқиши ва милиция пунктларига ҳужум қилиши эсимизда. Шу нуқтаи назардан Андижонда сони 20 минг деб айтилаётган аҳолининг ўзига иш талаб қилиб чиқиши табиий ҳолдир.

А.Аннаев: Демократик ўзгаришлар бўлади, демократик институтлар ишлайди, демократия сизларга озодлик беради, деган ёлғон ақидалар билан алдаб келинган халқ бугун айнан ижтимоий портлаш даражасига етиб келди. Андижондаги воқеа мана шу ижтимоий портлашнинг дастлабки кўринишидир. Буни Каримов тузуми тугашининг бошланиши, дейиш мумкин.

Б.Абдуллаев: Ўзбекистон ҳукуматиникидан ташқари, биз олган деярли барча ахборотлар Андижонда халқ отилгани, оммавий қатлиом бўлганидан далолат беради. Ҳомиладор аёлни отса, қочиб кетаётиб, отма, деб ялинган чолни отса, бола отманг, деб йиғласа, аскар келиб отса, буни қатлиомдан бошқа яна нима деб аташ мумкин!

Бошловчи: Тинч намойиш нега бундай якунланди?

К.Алиев: Мансабдорлар орасида одамлар билан фақат қўрқитиш орқали муносабатда бўлиш керак, улар қўрққандагина тўғри юради, уларга бешафқат муносабатда бўлиш керак, ҳеч қайси масалани ўзаро келишиш йўли билан ҳал қилиш керак эмас, бугун талаби қондирилган бирорта гуруҳ эртага яна янги талаб билан чиқади, деган ақида мавжуд.

Д.Ҳасан: Хўп, акрамийлар террорчи экан. Майдондаги минглаб ҳомиладор аёллар, ёш болалар, қари кампир ва чоллар ҳам террорчи эдими? Улар нега отилди? Мен буни одатдаги террор деб ҳисоблайман.

Б.Абдуллаев: Бизнинг куч ишлатар тизимларимиз юқоридан буйруқ бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммага ўқ отавериши ойдинлашди. Президент ва ҳукуматнинг фикрича, Андижонда бирорта тинч аҳоли ўлдирилмаган, фақат бечора милиционерлар ўлган бўлса, нега мустақил халқаро текшириш ўтказилишига рухсат берилмаяпти? Гаплари ҳақ бўлса, киритсин. Ошинг бўлса ҳалол, кўчада ич бемалол, деган гап бор. Демак, яширишга асос бор. Ўйлайманки, Каримов халқни қўрқитаман деб отишга буйруқ берган бўлса, тескари таъсир кўрсатди.

Бошловчи: Андижон воқеалари юзасидан сўнгги чиқишида Президент кечгача ҳарбийлар ҳокимликка бир километр масофада яқинлашмай турганини, кейин БТРлар яқинлашаётганида улар уч гуруҳга бўлиниб, қоча бошлаганини, қувиш вақтида баъзи талафотларга йўл қўйилганини айтди. “Ахборот” дастурида эса элчилар ҳокимлик биносида ўқлар изини кўрмагани, фақат ичкаридан қилинган ҳаракатларнинг изларини кўргани ҳақида гапирилди.

Д.Ҳасан: Ҳокимлик биносида ўқ излари йўқлиги, буларнинг: “Биз бинога ташқаридан туриб ўқ отмадик. Биз ташқаридаги халқни отдик”, деганидир. Демак ҳарбийлар ҳақиқатан ҳам бинога эмас, халққа отган. Ҳамма ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Халқни отганини бутун дунё билди-ку!

Мен бир қўшиқ қилдим, матнини ўқиб бераман:

Эшитмадим деманглар,
Маликалар, башанглар,
Сиз, эй, авом, гаранглар,
Андижонда қатлиом бўлди.

Подшо элни англамади,
Арзи додин тингламади,
Одил йўлни танламади,
Андижонда қатлиом бўлди.

БТРларни сайратди,
Ёшу қарини қийратди,
Отди, отди, ёмон отди,
Андижонда қатлиом бўлди.

Бошловчи: Расмийлар фикрича, фақат бино ичидагилар отган.

Б.Абдуллаев: Мен ҳукумат айтаётганларининг 90 фоизига ёлғон деб қарайман, ишонмайман. Тажрибам шуни кўрсатади. Уларнинг гапларида мантиқ йўқ. Мен учун оддий халқнинг, хорижлик журналист ҳамкасбларимнинг гапи мантиқ. Мен улардан эшитганларимга ишонаман. Бутун дунё журналистлари халқ отилганини айтяпти, бир одам чиқиб, отилмаганини таъкидлаяпти. Ким ҳақ? Қаранг, бутун дунё журналистлари унинг гапини маъқулламаганига жаҳли чиқиб кетяпти.

Бошловчи: Президент ижтимоий портлаш ҳақидаги мулоҳазаларида Франция ёки Буюк Британияда одамлар намойишга чиқса, онги баландлиги, демократия юксак бўлгани сабабли тартибли ўтиши ҳақида гапирди. Чиндан ҳам Ўзбекистон халқининг онги паст, тинч намойиш ўтказишга қодир эмасми?

К.Алиев: Ўзбекистонликлар тинч намойиш ўтказишга мойил халқ. Чунки Андижонда кўчага чиққан 20 минг одам тик ҳолатда ёки юриб тургани йўқ эди. Уларнинг ҳаммаси ўтирган ҳолатда эди. Бир вақтлар “Бирлик” ўтказган катта митингларда бирорта тартибсизлик бўлганини биз кўрган эмасмиз. Ўзбекистонда ҳар қандай катта митингни тўс-тўполонсиз ўтказиш мумкин. Агар бирор жойда тартибсизлик чиққан бўлса, буларнинг барчасини махсус хизматларнинг фитначилари уюштирган.

Б.Абдуллаев: Майли, Ғарбда намойиш тинч ўтар экан. Агар Англия ёки Германия фуқароси бизнинг шароитимизда бир кун яшаса, эртаси куни Каримовнинг суратини ёқиб юборган бўлар эди. Андижон халқи бундай қилмади-ку. Улар микрофон қўйиб, энди ўз дардини айтаман, деганида отиб ташланди.

Д.Ҳасан: Президентнинг халқимиз тўғрисида айтган бу гапларини: “Мана, кўриб қўйинглар. 15 йилда халқни шу қадар буздим”, - деган маънода тушуниш керак. Илгари халқимиз бунақа тўполончи бўлмаган. Барча митинглар тинч ўтган. Халқимизни бугун шу даражага келтирган тарбиячи Президентимизнинг ўзи бўлди.
XS
SM
MD
LG