Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Васила Иноятова: “Ўлганлар сони 1007 тага етди”


“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова Андижон фожеаларида қурбон бўлганлар сони минг нафардан ошгани тўғрисида маълумот берди.

Жамият Андижон фожеаси юзасидан баёнот тарқатиб, мазкур воқеалар мустақил комиссия томонидан чуқур ўрганилиб, бегуноҳ кишилар қонини тўкканлар жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

В.Иноятованинг айтишича, жамият ўтган бир ҳафта давомида мазкур воқеани чуқур ўрганиб, шундан кейин баёнот билан чиқишга қарор қилган.

“Мен кеча Андижонда бўлиб, жамиятимиз аъзолари, бошига мусибат тушган кишилар, гувоҳлар билан гаплашдим. Биз бу ерда жуда оғир жиноятлар қилинган, деган хулосага келдик. Кўпчилик халқ исёнчиларга қўшилмаган ҳолда фақат ўз норозиликларини ифодалаш учунгина тўпланганини айтиб берди”, - деди В.Иноятова.

Унинг таъкидлашича, ўша воқеалар куни эзгуликчилар қон тўкилмаслиги учун ҳукумат ва исёнчилар ўртасида воситачи бўлиш таклифини билдирган. Бироқ ҳукумат бу таклифга ҳатто жавоб қайтармаган.

В.Иноятованинг сўзларига қараганда, айни кунларда эзгуликчилар Андижонда мустақил текширув ва суриштирув ишларини олиб бормоқда. Қурбонлар рўйхати тузиляпти. Ҳозиргача ўликхонада 1007-мурда рўйхатга олинган.

В.Иноятова Андижонда шу кунларда ҳам вазият қалтис экани, диндорлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан таъқиб қилинаётганини билдирди.

В.Иноятованинг фикрича, Андижондаги воқеалари таркибига инсон ҳукуқи ҳимоячилари, ҳуқуқшунослар, халқаро ташкилотлар вакиллари киритилган холис комиссия томонидан текширилиши ва тўғри хулосалар чиқарилиши лозим. Аммо ҳукумат Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан таклиф этилаётган мустақил текширувларга рухсат бермаётир.

“Бу ҳолатни ҳукумат ўлганлар сонини яширишга уринаётгани билан изоҳлаш мумкин”, - деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG