Линклар

Туркманистон билан чегара ҳали ҳам очилгани йўқ


Андижон воқеалари юз берган кундан буён Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан чегара постлари ёпиб қўйилган. Аҳоли бунинг натижасида турли муаммоларга дуч келяпти.

Аҳолининг сўзларига қараганда, чегарадан қонуний равишда ўтиш ҳам ўта қийинлашган. Чегаранинг қачон очилиши эса номаълум.

Хоразмда туркман миллатига мансуб 8 мингга яқин аҳоли яшайди. Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида эса 700 мингдан зиёд ўзбек истиқомат қилади.

Азал-азалдан чегара нималигини билмай, оға-ини, қариндош-уруғ бўлиб кетган бу миллатлар ўртасидаги борди-келди тобора қийинлашмоқда.

Чегарадан ўтишда 6 доллар миқдорида бож олинади. Оддий халқ учун шу ҳам ўта қиммат бўлиб, фақат тўй-маъракалардагина кишилар қўшни давлатга ўтади.

“Тошҳовузлик қариндошимизнинг тўйи эди. У ёққа бора олмай, энди нима қиларимизни билмай ўтирибмиз. Мен-ку тўйга боришим керак эди. Қўшниларимнинг қариндоши ўлганди. У ҳам чегарадан ўта олмади”, - деди хоразмликлардан бири.

Маълумотларга кўра, биргина Шовот туманидаги чегара постидан икки томонга кунига беш юзга яқин одам ўтиб қайтади.

Бу пост тумандаги Маҳтумқули номидаги ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган. Хўжалик аҳолисининг асосий тирикчилиги чегарадан ўтаётганларга турли хизматлар кўрсатиш орқасидан бўлади. Ўнлаб таксичилар, элликка яқин аравакашлар чегара ёпилгани боис ишсиз, демакки тиринчликсиз қолди.

Хоразм бозорларидаги маҳсулотларнинг катта қисми Туркманистондан олиб келиниши кўпчиликка сир эмас. Аммо чегара ёпилиб қолгани учун у ердан мол олиб келадиган савдогарларнинг ишлари ҳам чаппасига кетган.

“Чегаранинг ёпилиши бозорларимизга ҳам таъсир этади. Маҳсулотлар нархи ошиб кетади. Бу эса шундай ҳам қашшоқ халққа оғирлик қилади”, - дейди хоразмликлардан бири.

Маҳаллий кузатувчиларнинг сўзларига кўра, аҳоли бозорларда нарх-наво кўтарилишидан хавотирга тушаётган бир пайтда бензинфурушларнинг парвои палак. Чунки улар Туркманистондан бензинни илгаридан фақат контрабанда йўли билан олиб келади.

Маълум бўлишича, чегарадан қонуний ўтиш тўхтатилгани сабабли одамлар ноқонуний ўтишга уриняпти. Улар бу ҳаракати билан ўз жонини гаровга қўяётганини яхши билади. Чунки чегарадан ноқонуний ўтаётганларга ўқ узилганлик ҳолатлари Хоразм ва Қорақалпоғистон эли учун янгилик эмас.
XS
SM
MD
LG