Линклар

Янгиерликлар оқова сув ичмоқда


Лобар Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида салкам бир ойдирки, ичимлик сув таъминоти бузилган. Шаҳардаги канализация қувури ёрилиб, тоза сув ифлос сув билан аралашиб чиқмоқда.

Шаҳар аҳлининг сўзларига қараганда, аҳолига кунига бир маҳал сув берилади. У ҳам мағзава, ҳатто ҳожатхона сувлари билан аралашиб чиқмоқда. Шу боис, кўпчилик сувни ҳар доим қайнатиб ичишга одатланган. Аммо шундай бўлса-да, одамлар турли касалликларга чалиняпти.

“Қайнатиб ичаётган бўлсак ҳам сув жуда сассиқ. Болалар тез касал бўляпти”, - дейди аҳоли вакиллари.

Ота-оналарнинг айтишича, кўпчилик сув очиб касалланган фарзандларини уйда даволашга ҳаракат қиляпти. Дори-дармонга кунига 2,5-5 минг сўмгача сарфлаётган оилалар бор.

Янгиер шаҳри юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Баҳодир Кенжаев эса шифохонага ўткир диареяга ёки ичимлик сув билан боғлиқ бошқа касалликларга чалинган бирорта бемор, айниқса, ёш болалар келтирилмаганини таъкидламоқда.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли орасида бирор касаллик кўпайгани кузатилаётгани йўқ. Шаҳарда эпидемиологик вазият анча яхши.

“Озодлик” мухбири аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, уларнинг саломатлиги учун масъул бўлган ташкилотлар бошлиқларини, жумладан, шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори, шаҳар ҳокими ўринбосари, “Сув оқова” корхонаси раҳбарларини ёрилган қувурларни текшираётган ҳолатда учратди.

Лекин уларнинг бирортаси мазкур муаммо қачон ҳал бўлиши тўғрисидаги саволга жавоб беришни истамади.
XS
SM
MD
LG