Линклар

logo-print

Боёвутда одамлар ўзини ўзи осмоқда


Лобар Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Ғаллакор қишлоғида яшовчи 25 ёшли келинчак Ҳилола Арслонова яқинда ўзини осиб ўлдиришга ҳаракат қилди. Бахтли тасодиф туфайлигина у омон қолди.

Ҳ.Арслонованинг турмуш қурганига эндигина 6 ой бўлди. Шу вақт оралиғида у ота уйига 3-4 марталаб аразлаб келишга улгурди.

Ҳилоланинг айтишича, оилада, асосан, қайнонаси туфайли жанжаллар чиққан. Ҳатто отасининг уйига аразлаб қайтган пайтлари ҳам қайнонаси тез-тез келиб, жанжал кўтариб турган. Қайнона келинини тутқаноғи борликда айблайверган.

Кундалик жанжаллардан тўйган Ҳилола ўзини осишга ҳаракат қилди. Фақат опаси Гулчеҳранинг уни осилган ҳолатда кўриб қолиб, тезда чора кўриши туфайлигина Ҳилола омон қолди.

Ҳилоланинг қайнонаси Умриниса Арслонова келини ўзини осганига ҳали ҳам ишонмайди.

“Унинг тутқаноғи тутиб, васвасага тушиб қолган, холос. Унда эпилипсия борлигини шифокорлар ҳам тасдиқлади. Бу касалнинг давоси йўқ экан. Ҳатто фарзанд ҳам кўрмаслиги керак экан”, - дейди қайнона.

Ғаллакор қишлоғи фуқаролар йиғини котиби Шокир Раҳмоновнинг сўзларига қараганда, туманда ўзини ўзи осиш ҳолатлари сўнгги бир ой ичида саккизтага етган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Боёвут тумани бўлими раиси Бахтиёр Хўжамқуловнинг айтишича, ўтган йили туманда иккита ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Бу йил эса фақат биринчи чоракда 5 киши ўз жонига қасд қилган. Уларнинг иккитаси аёл, қолгани эркаклардир. Барчасининг ёши 30 атрофида. Сўнгги икки ойдаги маълумотлар ҳали ўрганилгани йўқ.

Б.Хўжамқуловнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани Ўзбекистонда яшаш тобора қийинлашиб кетаётгани билан боғлиқ.
XS
SM
MD
LG