Линклар

logo-print

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда асосий эътибор Андижон воқеаларига қаратилди. Газеталарда Президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон Бош прокурорининг Андижон шаҳрида содир бўлган воқеалар муносабати билан Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда дипломатик корпус вакиллари учун ўтказган матбуот анжумани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган маълумотлар, шунингдек, бу воқеалар юзасидан билдирилган муносабатлар эълон қилинган.

“Халқ сўзи” газетасининг 17 май сонида чоп этилган Икром Содиқов ва Олим Шариповнинг “Андижон воқеалари: Ҳақиқат ва бўҳтон” сарлавҳали мақоласида қуйидаги сўзлар бор: “Баъзан оммавий ахборот воситаларида сурбетларча ёзилган хабарларни ўқишга ҳам дуч келасан киши. Бу, айниқса, Андижон воқеалари кунлари очиқ-ойдин намоён бўлди – бўлиб ўтган воқеаларни талқин этишда соғлом фикрлилик, касбий одоб ва оддийгина инсоний ахлоқ меъёрлари оёқ ости қилиниб, ҳақиқат доирасидан чиқиб кетиш ҳоллари рўй берди”.

Муаллифлар мақола давомида Андижон воқеалари аслида қандай содир бўлгани ҳақидаги Ўзбекистон нуқтаи назаридан туриб бундай ёзади: “Безиён талаблар билан кўчага чиққан “тинч фуқаролар” ҳақидаги уйдирма эса ҳечам куракда турмайди. Бироқ уни айрим ОАВ чарчаш билмай босиб ётишибди”.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 20 май сонида Ўзбекистон Қахрамони Абдулла Ориповнинг “Андижон изтироблари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда, жумладан, бундай ёзилади: “Мамлакатимиз раҳбари ўша куни тонгдаёқ воқеа содир бўлган жойга етиб бордилар. Буни эшитиб, менинг кўнглимда бир таскинлик пайдо бўлди. Жасур ва доно Йўлбошчимиз бу муаммони ҳам ечдилар. Ёвузларнинг қутқулари бартараф этилди”.

Газетанинг шу сонида Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг “Халқни алдаб бўлмайди” сарлавҳали мақоласида бундай дейилади: “Андижонда ушбу мудҳиш воқеалар содир бўлгандан кейин айрим хорижий телеканалларда бошдан оёқ бўҳтон гаплар урчиди. Бу эса, ўз навбатида, турли миш-мишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Ўша хорижий телеканалларнинг бундай йўл тутиши дўстлик белгиси эмас. Бу йўл билан халқни алдаб бўлмайди. У ҳаммасидан хабардор”.

Аҳмадилла Солиев “Ўзбекистон овози” газетасида эълон қилинган “Андижонда осойишталик ўз ўзанига тушди” сарлавҳали мақоласида бундай ёзади: “Ақидапараст жангарилар чучварани хом санагани вақт ўтган сайин аён бўла бошлади. Қийин вазиятда Юртбошимиз Андижонга етиб келди. Андижон аҳли Юртбошимизга суянди”.

Шунингдек, газеталарда “Андижонда тинч ва осойишта ҳаёт. Кўчалар, боғ ва хиёбонлар, бозорлар одатдагидек одамлар билан гавжум” каби тагсўзлар билан Андижон аҳолисининг хурсандчилик билан гул сотиб олаётгани, бозор-учар қилаётгани акс этган фотосуратлар берилди.
XS
SM
MD
LG