Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Г.Тўраева: “Андижон фожеаси қурбонлари сони 2000 тача бўлиши мумкин”


“Анимакор” врачлар ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Гулбаҳор Тўраева Андижон шаҳрида яқинда содир бўлган фожеалар қурбонлари оммавий кўмилган учта жой борлигини маълум қилди.

Унинг айтишича, бу оммавий қабрлар Бўстон даҳасидаги кинология маркази орқасида, Боғишамол ва Бўтақора даҳаларидаги адирликларда жойлашган.

Ҳозир бу жойларни ҳарбийлар қаттиқ қўриқлаяпти. Буни кўрганлар айтиб берди. Лекин мен бу қабрларни шахсан кўрганим йўқ , - деди Г.Тўраева Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида.

Г.Тўраева 13 май – “қонли жума” куни ўз кўзи билан кўрган воқеаларни ҳам сўзлаб берди.

“Анимакор” раҳбарининг сўзларига қараганда, у 15-мактаб ҳудудида ўликлар тўпланаётганини эшитиб, ўша ёққа борган ва бу ерда даҳшатли манзарага дуч келган.

Мактаб ҳудуди қонга беланган эди. Йўлдаги асфальтда эса қон кўлмаги вужудга келганди. Кўлмак одамларнинг миялари, ичакларига тўла эди. Мактаб ҳудудида қўриқчилар қўйилган экан. Бироқ темир панжара ортида ҳамма нарса кўриниб турарди. Мен мурдалар сонини санашга ҳаракат қилдим. Қалтираб-қалтираб, 400 тагача ўлик санадим. У ердан одамларни ҳайдаш бошланган вақтда саналмай қолиб кетган яна юзтача ўлик бор эди, - деди Г.Тўраева.

Г.Тўраева 15 май куни “Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раҳбари Дилором Абдиева шаҳар ўликхоналарида аҳвол даҳшатли экани, мурдалар қорайиб, чирий бошлаганини гапириб берганини билдирди.

У суд тиббий экспертизасида 200 атрофида, вилоят шифохонасида 50 тача, клиникада 10 тача ўлик санаганини айтди , - деди Г.Тўраева.

Г.Тўраева ўз кўзи билан кўргани ва бошқа манбалардан олган рақамларга таяниб, Андижон фожеаларида ҳалок бўлганлар сони икки минг атрофида бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Унинг таъкидлашича, бу рақамлар анча ишончли. Зеро, шундай бўлмаганида ўлик чиққан хонадонларга тазйиқ ўтказилмаган, маъракалар бемалол ўтказилишига тўсиқ қўйилмаган бўларди. Бу хонадонлар аъзолари ҳозир бировга маълумот беришдан чўчиб қолган.

Матбуот анжуманида иштирок этган “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, ҳозир ҳукумат бу фожеани яшириш учун янада каттароқ фожеаларни яратишидан хавотир мавжуд.
XS
SM
MD
LG