Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига “тўғри йўл” кўрсатилмоқда


24 май куни жиззахлик бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари прокуратура идораларига олиб келинилиб, ҳеч қандай сабабсиз сўроққа тутилди ва турли тазйиқларга дучор қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Зиёдулла Раззоқовнинг сўзларига кўра, Зарбдор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Собир Эргашев бошчилигида ҳуқуқ-тартибот ходимлари келиб, уни туман прокуратурасига олиб кетган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Ғаллаорол тумани бўлими раҳбари Гавҳар Йўлдошева ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни бесабаб бир неча соат ушлаб турганини билдирди.

Уч кундан буён шу аҳвол. Уйимни кузатувга олишган. Андижон воқеаларидан қанчалик хабардорлигим, нима иш билан шуғулланаётганим билан қизиқишяпти , - деди Г.Йўлдошева.

Маълум бўлишича, жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари илгари, асосан, участка инспекторлари томонидан сўраб-суриштирилиб турилган бўлса, эндиликда улар билан туман ва шаҳар прокурорларнинг шахсан ўзлари шуғулланяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроев сўнгги уч кундан буён ҳуқуқ-тартибот идораларига чақиртирилаётгани, Жиззах шаҳри прокурори томонидан сўроққа тутилаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, прокуратура ходимларини кўпроқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларнинг Андижон воқеаларига муносабати қизиқтиряпти. Улар қандайдир ҳужжатларга мажбуран қўл қўйдиришга ҳам ҳаракат қилаётир.

Жиззах тумани прокурори Фарҳод Қулматов “Озодлик” мухбирига инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан боғлиқ бундай гап-сўзлардан бехабар эканини маълум қилди.

Маълум бўлишича, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ҳуқуқ ҳимоячиларини пикетлардан тийилишга ундаш, “тўғри йўл”га солиш мақсадида сўроққа тутмоқда.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, расмийлар наздидаги бу “тўғри йўл” бирор кишининг Андижон воқеалари ҳақида чурқ этмаслиги, уйида қимирлай ўтиришидир.
XS
SM
MD
LG