Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

Жиззахда ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқ кучайди


Андижон воқеаларига муносабат билдириш учун Жиззах вилояти ҳокимлиги биносини пикет қилишни режалаштирган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тазйиққа олинмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, вилоятда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи учта ташкилот 25 май куни вилоят ҳокимлиги биносини пикет қилишни режалаштирган. Аммо бу режадан ҳокимлик вакиллари хабар топиб, милиция ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тазйиқ ўтказа бошлаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах шаҳри бўлими раиси Ўктам Пардаевнинг сўзларига қараганда, у уй бошқарувчисининг хонасига чақиртирилган. Бу ерда унга ҳокимлик вакили, терговчи ва оқсоқол аввалига жуда яхши муносабатда бўлган. Сўнг эса унга турли пўписалар қилинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах тумани бўлими раҳбари Маъмуржон Азимов ҳам милиция ходимлари томонидан таъқибга олинганини билдирди.

Б.Ҳамроев бутун вилоятда ана шундай таъқиблар кучайганини маълум қилди.

Яқинда Дўстлик туманида бўлдим. Бизнинг ташкилотимизга аъзо фермерлар ички ишлар ходимлари ҳар куни уларга тазйиқ ўтказаётганини айтди. Пахтакор туманида ҳам шу аҳвол , - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG