Линклар

Савдогарлар қозоқ аскарларидан дод дейди


Лобар Андижон воқеалари муносабати билан Сирдарё вилоятининг Қозоғистон билан чегараси ёпиб қўйилди. Бу эса оддий халқ учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқаряпти.

Қозоғистон билан чегарадош Бахт шаҳридаги божхона постига бораверишда шу кунларда на йўловчилар, на бирорта транспорт воситаси учрайди. Чегарадан анча берида йўл бетон тўсиқлар билан ёпилган. Илгари транспорт қатнови бемалол бўлган бу ҳудуд эндиликда тиканли симлар билан тўсилган.

Чегара ҳудудида нарда ўйнаб ўтирган 3-4 божхоначидан бошқа ҳеч кимни учратмайсиз. Улар бу ердан қуш ҳам учиб ўта олмайди, дея мақтаниб ҳам қўяди.

Божхоначиларнинг айтишича, қариндош-уруғлариникига борадиган йўловчилар айланма йўллар билан ўтмоқда.

Чегара ҳудудида яшовчи Иброҳим Холйигитовнинг сўзларига кўра, Андижон воқеаларидан кейин уч кун давомида чегара жуда қаттиқ назорат қилинган. Қозоғистонлик чегарачилар сони сезиларли кўпайган. Улар қўшни давлатга таъзияга ўтган кишиларни ҳам ушлаб кетган.

Савдогарларнинг таъкидлашича, қозоқ чегарачилари ва божхоначилари ўзбек тадбиркорлари, айниқса, эркакларга нисбатан жуда қўпол муомалада бўлади. Улар ҳар қадамда пора сўрайди.

Савдогарлар тўсиқлар қанчалик кўпаймасин, тирикчилик ўтказиш учун Қозоғистон бозорига боришга мажбурлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG