Линклар

Саиджаҳон Зайнобиддинов туҳмат қилишда айбланмоқда


Турғунбек Андижондаги “Аппеляция” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддиновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳақда маълум қилган адвокат Мавлуда Аҳмедованинг таъкидлашича, бу айб С.Зайнобиддиновга Андижон воқеалари ҳақида Интернет сайтларида эълон қилинган хабарлари учун қўйилган. Чунки у бу воқеалар ҳақида воқеа жойида туриб, турли маълумотлар тарқатган эди.

С.Зайнобиддинов ҳибсга олингани ҳақида ҳунузгача (24 май) унинг яқинларига расман хабар қилинмаган. Фақат 23 май куни кечқурун адвокат М.Аҳмедова унинг ўғлига бу ҳақда оғзаки айтган, холос.

М.Аҳмедова “Озодлик” мухбирига ҳали ҳам С.Зайнобиддинов билан учраша олмаганини маълум қилди.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Андижон вилояти бўлими раиси Акбар Орипов С.Зайнобиддинов ўз кўзи билан кўрган воқеаларни чуқур таҳлил этиб бера олиши, балки шунинг учун ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Унинг айтишича, “Бирлик” партияси вакиллари ҳам ушбу фожеа юзасидан тадқиқотлар олиб боришга ҳаракат қилган. Тадқиқотларда қатнашган бирликчилардан икки нафари калтакланган, икки аъзога дўқ-пўписа қилинган, бир аъзодан ўз турар-жойини тарк этмаслик ҳақида тушунтириш хати олинган.

А.Ориповнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумат хоҳласа-хоҳламаса, халқаро ташкилотлар, жаҳон жамоатчилиги Андижон воқеаларини ўрганиш учун ўз экспертларини жўнатади. Мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари экспертларга маълумот беришидан чўчиган ҳукумат уларга тазйиқ ўтказишни бошлаб юборган.

Маълумотларга кўра, Андижонда оммавий қамашлар бошланиб кетган. Шу кунларда шаҳарнинг қаеридадир, кимнидир ҳисбга олингани тез-тез қулоққа чалинмоқда. Бироқ кимлар қамоққа олинаётгани ҳақида расмий маълумотлар берилаётгани йўқ. Ҳибсга олиш жараёнида прокурор санкцияси кўрсатилмаётир.
XS
SM
MD
LG