Линклар

Қашқадарёда мухолифатдаги кучларга тазйиқ ўтказиляпти


Фирдавс Андижон воқеларидан сўнг Қашқадарё ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг вилоятдаги фаоллари йиғилишини ўтказишга рухсат бермади.

“Бирлик” раиси ўринбосари Дайнов Ташановнинг сўзларига қараганда, ички ишлар ходимлари партия идорасига келиб, йиғилиш ўтказилишини тақиқлаб қўйган.

Д.Ташанов Андижон воқеаларидан кейин уни ўзи яшайдиган Нишон тумани ички ишлар идоралари ходимлари безовта қилаётганини ҳам билдирди.

“17-19 май кунлари ИИБга чақиришиб, 30 май куни Тошкентда ўтиши мўлжалланган пикетда қатнашишга тайёрланаётганимни эшитишгани, агар бу ҳаракатларни давом эттирсам, мен билан ҳисоб-китоб қилиниши мумкинлигини очиқ-ойдин айтишди”, - деди Д.Ташанов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё бўлими раиси Зулфиқор Мирзақуловнинг таъкидлашича, Андижон воқеаларидан сўнг вилоятдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳар бир қадами назорат қилиняпти.

2004 йилда Бухоро ва Тошкентдаги портлашлардан сўнг Қашқадарёда диндорларга қаттиқ тазйиқлар ўтказилган эди. Андижон воқеаларидан кейин ҳам кўпчилик шундай вазият юзага келишидан хавотирга тушяпти. Чунки милиция назоратида турган диндорларни ИИБга чақириш ҳозирданоқ бошлаб юборилган.

Қаршилик Отабек Неъматовнинг айтишича, у 1999 йилдан буён мунтазам равишда милиция идораларига бориб, тушунтириш хатлари ёзиб беришга мажбур бўлиб келяпти. Андижон фожеаларидан кейин ҳам у ИИБга чақирилиб, тушунтириш хати ёздириб олинган.

Маҳаллий кузатувчи Исмоил Раҳмонқуловнинг фикрича, мухолифатдаги кучларга бу каби тазйиқлар ўтказилиши халқнинг кўтарилиши олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG