Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:52

Андижонлик қочқинларга мақом берилиши кутилмоқда


Феруза Хорижда яшаётган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари ва россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарига мурожаат йўллаб, Андижон воқеаларидан кейин қочқинга айланган фуқаролар тақдирига эътибор қаратишни сўради.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов мазкур мурожаатни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Чунки қочқинлар устидан Ўзбекистонда жиноят иши қўзғатилиши шубҳасиз. Улар зиммасига жуда оғир жиноятларни юклаш Ўзбекистонда қийин эмас. Ҳозир уларнинг мақомини белгилаш жуда муҳим”, - деди О.Орипов

БМТ Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Абдул Карим Гул сўзларига кўра, ҳозирча бу фуқароларнинг қочқин ёки қочқин эмаслигини аниқ айтиш қийин. Чунки улар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиш вақт талаб қилади.

Унинг эътирофича, ҳозирги босқичда бу шахслар ўз хоҳишига қарши равишда ватанига қайтарилмаслик ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Агар фуқаролар ўз юртига қайтишни истамаса, комиссарлик уларни зўравонлик билан қайтарилишдан ҳимоя қилади.

А.Гул комиссарлик вакиллари бу шахсларнинг мақомини белгилаш жараёнлари ниҳоясига етгунга қадар уларни тезроқ Қирғизистон ичкарисига кўчириш ҳаракатларини бошлаб юборганини таъкидлади.

“Биз Қирғизистон томонидан Ўзбекистонга қайтарилган андижонликлар ҳақида эшитдик. Лекин улар Сўзоқдаги қочқинлар лагерида яшаётган шахслар эмас. Балки бу шахслар қочқинларга қўшилмоқчи бўлганлар ёки уларнинг яқинлари бўлиши мумкин. Бу ҳақда аниқ маълумотларга эга эмасмиз”, - деди ваколатхона раҳбари.

А.Гул Қирғизистондаги ўзбек қочқинларининг яшаш шароити жуда оғирлигини эътироф этди ва уларнинг аксариятига қочқин мақоми берилиши кутилаётганини маълум қилди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистонга ўтиб кетган кишиларнинг яқинларига таъқиб ва тазйиқларни аллақачон бошлаб юборган. Агар қочқинлар юртига қайтарилса, уларда қаттиқ жабр бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Олий комиссар номига йўлланган мурожаатни қўллаб-қувватловчилар орасида БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен, россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Владимир Бяков, Виктор ва Фотима Шербиналар ҳамда АҚШда истиқомат қилаётган фан доктори Баҳодир Файзининг исми шарифи бор.
XS
SM
MD
LG