Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Демаркация балоси ёки шуманайликлар додини кимга айтсин?


Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманига қарашли 18 минг гектарча ҳудуд демаркация жараёнида Туркманистонга ўтиб кетгандан кейин бу ердаги уйларини ташлаб чиққан 2 минг яқин аҳоли ҳамон бошпанасиз.

Шуманайликларнинг сўзларига қараганда, февраль ойида Туркманистон ҳукумати айни ҳудудда яшовчи 600 дан зиёд оилага туркман фуқаролигини қабул қилмаса, уч кун ичида уй-жойини ташлаб, Ўзбекистонга кетиш шартини қўйган. Бироқ бу муддатда кўпчилик тўлиқ кўчишга улгурмаган. Одамларнинг кўплаб буюмлари қолиб кетди. Юкларини ташишга транспорт топа олмаган оилалар эса Туркманистонда қолишга мажбур бўлган.

Пенсионер Ўрозбика Оллоёрованинг 2 сигири ва 2 эшаги Туркманистонда қолиб кетган эди. У эшакларини ҳозир туркман аскарлари миниб юрганини гапирди.

Шуманай тумани ҳокими ўринбосари Саҳитжон Қулмахонов туркманистонликларнинг бундай йўл тутганлигидан норозилигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, аҳоли турар-жойларидан ташқари давлат тассаруфида бўлган иморатлар, ширкат хўжаликларига тегишли техника воситалари, 110 тонна минерал ўғит, жами давлат баҳоси 6 миллиард сўмдан зиёд моддий бойликлар Туркманистон томонда қолиб кетган.

“У ерда қолиб кетган нарсаларни туркманлар қайтариб бериши лозим. Бунга бир неча марта ҳаракат қилдик. Аммо туркманлар эшитишни ҳам хоҳламаётир”, - деди С.Қулмахонов.

Маълумотларга кўра, СССР даврида Туркманистон 18 минг гектарга яқин ер майдонини шартнома асосида фойдаланиш учун Қорақалпоғистонга ижрага берган. 4000 га яқин аҳоли яшайдиган бу ҳудуддан фойдаланиш муддати 1981 йилда тугаган ва яна 20 йилга узайтирилган. Аммо бу муддат тугагач, Туркманистон шартномани чўзишни истамаган.

Маълум бўлишича, тахминан 1500 киши Туркманистон фуқаролигини олишга рози бўлган. Ўз уй-жойларини ташлаб, Қорақалпоғистон томонга кўчиб ўтганларнинг сони эса 2000 дан зиёд.

Уларнинг кўпчилиги уйсиз-жойсизликдан қийналиб, ўта қийин шароитда кун кечиряпти. Кимдир қариндошиникида, кимдир ётоқхонада, бошқаси болалар боғчасида яшамоқда.

Жумагул Яхшимуродова оиласи билан ётоқхонада яшамоқда. 7 фарзанднинг онаси Минайхон Бобоназарова эса кўчиб ўтганларга ёрдам кўрсатилмаса, улар ниҳоятда қийналиб қолишидан шикоят қиляпти.

Шуманай тумани ҳокими ўринбосари Саҳитжон Қулмахоновнинг билдиришича, кўчиб ўтган аҳолига товон пули берилиши лозим. Аммо бу пул миқдори ва қачон берилиши ҳалигача аниқ эмас.

Кўчиб ўтганларнинг аксарияти ҳозир ўтган йилги ҳосилдан ғамлаган буғдойини нон қилиб, кун кўрмоқда. Аммо улар бу йил оч қолиши мумкин. Чунки буғдой майдонларининг барчаси Туркманистонга ўтиб кетган.
XS
SM
MD
LG